Телефонлар:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди

Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди

21 февраль 2021 йил
226
0

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармони асосида суд ҳокимияти тизими янги босқичга кўтарилди. Яъни ушбу Фармонда вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди. Натижада жорий йилнинг бошланишидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиб, фаолият юритишни бошлади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш; туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш; апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш; Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш; прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш; қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш каби ҳолатларни ҳам келтириб ўтди.

Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши эса қонунчилигимизга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тақазо этиб берди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган қонунлардан бири бу – Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)дир.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-663-сон қонуни (кейинги ўринларда “Қонун” деб юритилади) қабул қилиниб, ушбу Қонун асосида Иқтисодий процессуал кодесидаги “назорат инстанцияси” чиқариб ташланди. Шунингдек, янги инвестициявий низолар бўйича 301-модда, рақобатга оид ишлар бўйича 302-моддалар киритилди.

Уларга кўра, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкинлиги, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар, шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкинлиги бегилаб ўтилди.

Бундан ташқари, ИПКда прокурорнинг барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақлилиги белгиланган бўлса, янги ўзгартиш билан прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги, прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки прокурор ўринбосарлари тақдим этиши белгиланган бўлса, янги ўзгартиш билан туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) фақат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан тақдим этишлиги, уларнинг ўринбосарлари томонидан эса даъво аризасини (аризани) тақдим этиш ваколати олиб ташланди.

ИПКга киритилган яна бир ўзгартишлардан бири бу даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар қаторига инвестициявий низолар бўйича даъво аризасига инвестиция шартномасининг кўчирма нусхаси, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризасига эса унинг йирик инвесторлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши белгиланди.

Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар суд ҳужжатлари устидан юқори турувчи судларга апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиш тартибига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Яъни ИПКга мувофиқ иқтисодий судлар томонидан кўрилган иқтисодий ишнинг якунига кўра чиқарилган ҳал қилув қарори суд мажлисида эълон қилинганидан сўнг бир ой муддат ўтгач қонуний кучга кириши белгиланган.

Ушбу белгиланган бир ой муддат ичида биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида кассация тартибида мурожаат қилиниши мумкинлиги белгиланган эди.

Эндиликда янги ўзгартиш билан биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган, лекин қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикоятини фақат ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан берилиши, прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақлилиги белгиланди.

Апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши жорий этилди.

Эски таҳрирдаги қонун бўйича апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланган эди.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар томонидан апелляция шикоятини бериш муддати ҳисобланиши олдинги таҳрир бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинган кундан ҳисобланган бўлса, янги ўзгартиш билан уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланиши кўзда тутилган.

Қонуний кучга кирган иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация тартибида шикоят қилиш тартиби ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар томонидан биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилиши белгиланди. Эски таҳрир бўйича қонуний кучга кирган, лекин апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарорлари устидан берилиши кўрсатилган эди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ИПКнинг бошқа бир қатор нормаларига ҳам бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини белгилаб берди. Бу албатта амалдаги ислоҳотларимизнинг яна бир поғонага кўтарилганлидидан далолатдир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ва қонунчиликдаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасидаги суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларининг янада мустаҳкамланишига, демократик тамойилларнинг таъминланишига хизмат қилади. Зеро ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари учун хизмат қилиши керак.

 Дилшод Соатов

Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси в.в.б

 

Абдазов Неъматжон

Зомин туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар