Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Дунёга юз тутмоқчи бўлсанг тарих ва замон билан ҳамнафас яша

Дунёга юз тутмоқчи бўлсанг тарих ва замон билан ҳамнафас яша

27 август 2019 йил
22
0

Дунёнинг айрим нуқталарида нотинчлик авж олган бугунги замонда пиру бадавлат отахону онахонларимиз дуога қўл очиб, тинчлик, омонлик сўраганларида, кўз олдимизга иноқ-аҳил яшаётган юртимиз аҳли, яқинларимиз келади.

Тинч ва осойишта ўтаётган ҳар кунимиз руҳимизни кўтаради. Она-Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик, фаровонлик, ободликни кўриб, шукр қилишга, бу азиз неъматларни асраб-авайлашга ундайди.
Асли қаердаки уруш, жанжал, тўполон бўлаётган эса, ҳаммасининг тубида диний ёки миллий низолар ётибди. Шу сабаб, кўп миллатли мамлакат сиёсатининг асосий мақсади миллатлараро ва диний бағрикенгликни шакллантириш бўлиши зарур. Юртимизда шаклланган бағрикенглик маданиятидан кенг дунё жамоатчилиги ўрнак олишга интилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Маълумки, Ўзбекистон асрлар оша Буюк ипак йўлининг чорраҳаси ҳисобланган. Бу ерда турфа миллат кишилари учрашган, ўзаро мулоқотда бўлган, биргаликда умргузаронлик қилган. Шу тариқа турли миллатларнинг бой тажрибаси, теран донишмандлиги синтезлашган. Халқимизга хос меҳмондўстлик, бағрикенглик, мушоҳадакорлик фазилатининг илдизлари ҳам ана шунда.
Қолаверса, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур сингари Шарқнинг мумтоз шоирлари ижоди ҳам худди ана шу мақсадга хизмат қилган. Ахир Навоий ўз асарлари қаҳрамонларини турли миллат вакиллари сифатида таърифлагани бежиз эмас. Бу қаҳрамонлар орасида турк ҳам, форс ва араб ҳам, юнон ҳам, хитой ва армани ҳам бор. Мумтоз адабиёт намуналари кишиларда бағрикенглик, тўғрисўзлик, меҳр-оқибат туйғуларини шакллантирган.
1992 йили ташкил этилган Республика Байналмилал маданият маркази мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда бағрикенглик тамойилини қарор топтириш борасида изчил фаолият олиб бораётир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқаролар истиқомат қилаётган бўлса, республикамиз бўйича 140 га яқин миллий маданият марказлари фаолият юритмоқда. Байналмилал маданият маркази эса ушбу миллий маданият марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга ташкилий ва услубий ёрдам кўрсатиб келади. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугунги кунда Республика байналмилал маданият маркази диёримизда яшаётган турли миллат вакилларининг маънавий-маърифий мулоқот масканига, ўзига хос дўстлик уйига айланган. Бу ерда мунтазам равишда халқ байрамлари, фестиваллар, барча миллатлар ардоғидаги ижодкорлар билан учрашувлар, семинарлар ва конференциялар ўтказиб келинади.
Миллатлар ўртасидаги муносабатда, этник яқинлик, 
сиёсий-маданий алоқалар, иқтисодий манфаатлардан ташқари яна бир муҳим омил бор, бу — инсонпарварликдир. Ахир, биз бирор миллатга дахлдор бўлишдан ҳам аввал ягона инсониятга мансуб эмасмизми?! “Миллат” деган тушун¬чанинг барча бирдек эътироф этган ягона таърифи ҳалигача йўқ. “Инсон” тушунчаси эса мутлақо аниқ-равшан. Биз қайси миллат билан алоқа боғламайлик, бешак, ўзимиз каби инсонлар билан муомалага киришамиз. 
Албатта, одамлар учун этник яқинлик ва тил бирлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу сабабли, хорижга борганимизда бирорта ўзбекни учратиб қолсак, хурсанд бўлиб кетамиз, у билан суҳбатлашгимиз, дардлашгимиз келади. Жалолиддин Румий бобомиз “Кимки бўлмиш ҳамзабонидин жудо, бенаводир, гарчи топсин юз наво” деганлари бежиз эмас. Кейинги ўринларда маданий ва сиёсий алоқалар ҳамда иқтисодий манфаатлар туради. 
Давр талаби ўз кишисидан замонавий билимларни, компьютер технологияларини мукаммал ўзлаштиришни талаб қилмоқда. Ўз навбатида эса хорижий тилларни ўрганиш ҳам бугунги кун эҳтиёжи ҳисобланади.
Хорижий тилларни ўрганиш масаласи эса мудом таъкидлаб келаётганимиз каби — замон талабидир. Ўқиш-ўрганишнинг эрта-кечи бўлмайди. Зеро, хорижий тилларни мукаммал билиш бизга дунё эшикларини очади.
Бизнинг бобокалонларимиз ўз даврида дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган. Мустақиллик йилларида улуғ алломаларимизнинг бебаҳо мероси ҳар томонлама тадқиқ ва тарғиб қилинди.

Хусусан, халқимиз бағрикенглик, меҳмондўстлик бобида ҳам донг таратган. Шуларни ўйлаб кўнгил хотиржам топади, келажакка ҳавас ортади. Билсангиз, бунда ҳикмат кўп. Бу анъаналарни давом эттириш кўпроқ ёшларимизга боғлиқ. Ишончимиз комилки, бугунги ёшларимиз қутлуғ бу жараённинг уддасидан чиқади.

Эштемир ИСМАТОВ,
вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар
билан алоқалар бўйича ўринбосари

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар