Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Гулчиликдан топилаётган барака

Гулчиликдан топилаётган барака

11 апрель 2019 йил
150
0

Халқимизда “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”, деган ҳикмат бор. Бугунги кунда иссиқхоначилик соҳаси тобора ривожланиб, маҳаллаларимиз, қишлоқ ва овулларимизда эрта баҳорданоқ турли кўкат ва сабзавот маҳсулотларини бозорга чиқариб, мўмайгина даромад олаётган юртдошларимиз жуда кўп. “Каттабоғ”лик Неъматулло Азимовлар оиласи эса туманда биринчилардан бўлиб иссиқхонада гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйган. Гулчиликнинг ўзига ҳос қийинчиликлари, инжиқ ва нозик гул кўчатларини парваришлашда талаб этиладиган агротехник ишлар билан яқинроқдан танишиш мақсадида ушбу хонадонга ташриф буюрдик.

Бир ярим сотих ерда ташкил этилган иссиқхонага кирган кишининг бахри-дили очилади. У ерда 8 ҳил турдаги анвойи гуллар, гул кўчатлари, тувак гулларининг турфа ранги ҳам кўзни қувнатиб, ҳам дилни равшан қилади.

Ҳовлига кириб борганимиз ҳамоно иссиқхона ичида эрталабки қуёш нурларига тўйсин дея гул кўчатлари устидаги ёпқич клеёнкаларни очаётган уй эгаларига кўзимиз тушди.      Салибия, ош райхон, садарайҳон, қора райҳон, гултожихўроз, “Питония”, “Шахрам”, “Бананза” гулларини кичик-кичик клеёнка халтачаларга тартиб билан териб қўйиб, парваришлаётган Шохида опа бизни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, иссиқхона ичидаги ўсимликлар билан бирма-бир таништира кетди:

-Бу қутилардаги гуллар харидорлар учун тайёрлари, - дейди Шохида опа. – Яна бир қанча гулларимиз қизғин парваришда. Қутиларга жойланган кўчатлар ўрнига помидор экдик, мана кўриб турибсиз, олди гулга кириб қолди. Эрта-индин рўзғорга помидор ўзимиздан чиқиб қолади. Мана бу томондагилари тувак гуллари, улар 20 турдан зиёд бўлиб, асосан бекажонларимизга манзур бўлувчи навларни тайёрлаганмиз.

 

Ўтган йили 6 миллион сўмлик кредит олиб, иссиқхонани қайта барпо қилган Неъматилла Азимов ҳам, турмуш ўртоғи Шоҳида опа ҳам туман газлаштириш идорасида кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келишади. Иссиқхонада эса асосан уларнинг 2 ўғли, қизи ва келини иш билан банд. Мавсумий иш билан шуғулланувчи ўғиллари қиш бўйи бекор турмай шу иссиқхонада оила бюджетига қўшимча дармад келтирувчи ўсимликларни парваришлаш билан банд бўладилар.

Атиги бир ярим сотихли иссиқхонадан уч мартагача ҳосил олишнинг уддасидан чиқаётган Неъматилла ака эса куюнчаклик билан ўз фикрларини билдириб қолдилар:

-Бизда томорқачиликни ривожлантириш иши тобора жонланаяпти. Лекин иссиқхоначилик билан шуғулланувчилар учун турли семинар тренинглар, қисқа курслар ҳам ташкил этилса нур устига аъло нур бўларди. Масалан менинг ўзим гулчиликни яхши ўзлаштирганман. Лекин такрорий экин сифатида помидор, бақлажон, бодринг ва булғор қалампири экиб, турли кўкатлар ундириб яхши ҳосил ололмайман. Шундай семинарлар бўлса мен билганларимни бошқаларга ўргатсам, бошқалар ўз тажрибаларини мен кабилар билан ўртоқлашган бўларди.

Гул кўчатлари етиштиришнинг ўзидан 10 миллион сўм атрофида, такрорий экинлардан ҳам қарийб шунча миқдорда даромад олиш оила аъзоларининг қатъий мақсадига айланган.

Неъматилла ака яна бир тадбир устида изланмоқда,  ер остидан иситиш тизимини ўтказиб, иссиқхона ҳароратининг қишин-ёзин мўътадил бўлишини таъминлашни кўзлаб турибди. Қолаверса, бошқа иссиқхоначилар билан тажриба алмашиб, экин турлари ва гул кўчатлари навларини кўпайтиришни ният қилган.

-Уруғлик гуллар ҳам қиммат, ҳам эски, -дейди Неъматилла ака. - Хориждан келтириладиган уруғликлар бир-икки йил ишлатилиб, ўшаларнинг уруғи кейин “хорижники” деб буларга сотиларкан. Натижада, хосилдорлик пасайиб, бир текис униб чиқмаган гул кўчатлари турли вақтда гулга кириши ва шакли турлича бўлиши билан харидорбоплигини йўқотаркан. Четдан келадиган уруғликларни тўғридан тўғри иссиқхона ташкил қилиб, гулчилик билан шуғулланадиган юртдошларимизга қулай йўллар билан етказиб бериш учун қандайдир чоралар кўриш лозим, дейди тажрибали гулчи.

Тадбиркор деҳқон иссиқхона билан чекланиб қолмасдан, хонадонида қуёнчилик, паррандачиликни ҳам йўлга қўймоқчи. Товуқ, курка кўпайтириб, оиланинг тухум ва парранда гўштига бўлган эҳтиёжини қондиришдан ташқари, бозорга чиқариб яхшигина даромад олиш учун ҳаракатларини бошлаб юборган.

Интилганга тоъле ёр, дейдилар. Азимовлар хонадонининг томорқачиликда ўзига ҳос қийинчиликлари билан кўп ҳам қўл урилавермайдиган гулчилик соҳасида олиб бораётган ишлари, изланишларига барака тилаб қоламиз.

 

ЭҲСОН мирзо,

“Шарқ тонги”нинг махсус мухбири

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар