Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг иқтисодий жиҳатлари

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг иқтисодий жиҳатлари

27 январь 2022 йил
216
0

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказилиши белгиланган эди. Aҳолини рўйхатга олиш тадбири кенг кўламли, кўп вақт ва катта маблағ талаб этадиган тадбир бўлиб, уни ўтказиш учун 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб етилади. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори билан республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилда ўтказилиши белгиланди.

Халқаро тажрибага асосан аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.

Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?

Биринчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.

Иккинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.

Учинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

Хўш, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қайси молиявий манбалар ҳисобига қопланади?

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш анчагина маблағ талаб этади. Масалан, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирида сарфланган харажатлар ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31, Қирғизистонда 1,12, Азарбайжонда 1,03, Молдавияда 2,15, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ долларини ташкил этган.

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.

Зомин туманида бугунги кунда 94 та аҳоли пунктида 26309 та хонадонда яшовчи 170168 та ахолининг рўйхати шакллантирилиб, маҳалла идоралари хамда туман кадастр бўлимлари томонидан кўчаларга номлар берилиши, хонадонлар рақамланиб, уй ва хонадонлар рақами кўрсатилган темир белгилар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Маҳалла идоралари томонидан аҳоли пунктларида яшовчи фуқаролар рўйхатлари янгиланиб борилмоқда. Бундан ташқари, рўйхатга олиш тадбирини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида телевидение, радио орқали кўрсатув ва эшиттиришларда, аҳоли гавжум бўладиган жойлар (бозорлар, супермаркетлар ва х.к.) да ўрнатилган катта экранли монитор ва радиузелларда эълонлар бериб борилмоқда. ОАВ лар, жумладан, газета ва журналлар, ижтимоий тармоқларда, расмий веб-сайтларда мақолалар билан чиқишлар қилинмоқда. Ўрта-махсус таълими муассасаларида, умумтаълим мактабларида ҳамда бошқа ташкилот ва муассасаларда учрашув ва семинарлар ташкил этилиб, рўйхатга олиш тадбири юзасидан кенг тушунтириш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

 

 

Зомин туман статистика бўлими

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar