Ўзбекистон разведкачилари халқаро мусобақада ғолиб бўлди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистонда 1 мартдан бошланган V Халқаро «Жамоа руҳи» мусобақасида иштирок этиб, унда ғолиб бўлди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақа Покистон Қуролли кучларига қарашли 22-армия корпуси Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази базасида ўтказилган. Унда 9 та давлатдан — Марокаш, Иордания, Кения, Саудия Арабистони, Туркия, Шри-Ланка, Непал ва Ўзбекистон, шунингдек Покистондан 8 та разведка гуруҳи, жами 16 та разведка жамоаси ўзаро беллашган. Мусобақа жараёнини Тожикистон, Қозоғистон, Баҳрайн ва Хитойнинг Қуролли кучлар вакиллари кузатиб борган.
Мусобақа шартларига кўра, жамоалар 80 километргача бўлган маршрутнинг 6 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланиб, назорат нуқталарида тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус машқларни, шунингдек, кутилмаган тестларни ечиш машқини бажарган.
Мусобақа давомида Ўзбекистон ҳарбий жамоаси якка тартибдаги мутахассислик тайёргарлиги бўйича ўтказилган беллашувларда, яъни гуруҳнинг радиотелефонисти, муҳандиси, мергани ва фельдшер каби разведкачилари юқори натижалар кўрсатган.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги терма жамоаси қуръага биноан биринчи назорат нуқтасидан 10-бўлиб ҳаракатланишни бошлаган бўлсада, ушбу мусобақанинг учинчи назорат нуқтасига қолган жамоалардан 6 соат олдин етиб борган ва энг юқори (2850) баллни қўлга киритган.
Мусобақа якунида Покистон қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал-майор Аднан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг жисмоний ва профессионал тайёргарлигини алоҳида таъкидлаб, «Мен Ўзбекистон жамоаси кучли эканини билардим ва 1-ўринни эгаллашига шубҳам йўқ эди», деган.
Мусобақа якуни бўйича:
1-ўрин — Ўзбекистон жамоаси (2 850 балл);
2-ўрин — Марокаш жамоаси (1860 балл);
3-ўрин — Шри-Ланка (2010 балл) ва Саудия Арабистони (1900 балл).
Шри-Ланка ва Саудия Арабистони жамоаларига жарима баллар белгилангани сабабли уларга 3-ўрин берилган.
Халқаро мусобақанинг ёпилишига бағишланган маросимда ғолиб жамоа ва совриндорлар, шу жумладан, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси олтин медаль билан тақдирланган.