Ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам қандай ҳолларда рад этилади?
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини ўз вақтида манзилли ва мақсадли етиб боришини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 654-сонли “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш учун аризалар қуйидаги ҳолларда рад этилади:
- оиланинг ҳар бир аъзосига белгиланган меъёр (440 минг сўм)дан юқори даромади мавжуд бўлганда;
- 2 ва ундан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;
- оила аъзоларининг ўз номига расмийлаштилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланаётган ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган техник холати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси бўлганда;
- ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;
- 2 ёки ундан ортиқ техник холати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;
- ариза берувчи ва оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорда маблағлар мавжуд бўлганда;
- ариза берувчи ва оила аъзоларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорларда қимматли қоғозлар мавжуд бўлганда;
- Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлари хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари, шунингдек, пенсионерлари томонидан аризалар тақдим этилганда;
- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Судялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги Низомга асосан пенсиялар билан таъминланганда;
- Оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;
- оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг ишга доир таклифини икки ёки ундан ортиқ маротаба рад этганда;
- даромаднинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги 6 ой мабойнида иш излаб меҳнат органларига хисобда турмаган, ўзини-ўзи банд шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда нафақалар тайинлаш рад этилади.
Ушбу қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди: - “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга;
- бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);
- таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно);
- ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, И ёки ИИ гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;
- амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;
- 18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган И гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга;
- чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;
- суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;
- оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;
- боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;
- расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга;
- тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан.
Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор инсон омилисиз “Ягона реестр” томонидан автоматик равишда қабул қилинади.
Бунда фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва Пенсия жамғармаси ходимлари нафақа тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Нафақани тайинлаш ёки рад этиш қарори ҳақида аризачига СМС хабар орқали маълум қилинади.
Шуни алоҳида такидлаб ўтиш жоизки, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган ижтимоий нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам автоматик тарзда, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишнинг янги тартибига асосан нафақа миқдори ошиши назарда тутилган фуқаролардан қўшимча ариза ва ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасига ўтказилиши белгилаб қўйилди.
Айтиб ўтиш зарурки, мазкур ўзгаришлар амалдаги кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш тизими камчиликларини бартараф этиш ва ижтимоий адолатли тизимни яратишга кўмаклашади.
БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИ
ЗОМИН ТУМАН БЎЛИМИ