Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Биринчи инстанцияда иш юритиш, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва қўзғатиш тартиби.

Биринчи инстанцияда иш юритиш, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва қўзғатиш тартиби.

23 июнь 2022 йил
206
0

Мавзу: Биринчи инстанцияда иш юритиш

 

 

Биринчи инстанцияда иш юритиш, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва қўзғатиш тартиби.

 

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 5-моддасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида, апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Иш қўзғатиш асослари - Суд:

1) манфаатдор шахсларнинг;

2) прокурорнинг;

3) давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

Аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни

Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

5) аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.

Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли.

Аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш

Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.

Аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар

Аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;

11) белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини;

2) аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддатлари

Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш

Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.

Судья ушбу Кодекс 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги ёки аризачида мавжуд бўлмаган далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимосномалар илова қилинган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.

Судьянинг ушбу Кодекс 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги хулосаси аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда асослантирилган бўлиши керак.

 

Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани қайтариш асослари.

 

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш

Судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) иш маъмурий судга тааллуқли бўлмаса;

2) маъмурий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суднинг иш юритишида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса.

Аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.

Аризани (шикоятни) қайтариш

Судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

2) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса;

3) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

4) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

5) жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

6) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

7) битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;

8) аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган бўлса.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартириш, ариза (шикоят)дан воз кечиш

Аризачи ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришга ҳақли.

Аризачи ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд ариза (шикоят)нинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд, шунингдек ариза (шикоят)дан воз кечишни, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.

Ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, аризачининг ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ишларни битта иш юритишга бирлаштириш

Биринчи инстанция суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир нечта ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.

Ишларни бирлаштиришга суднинг иш кўриш якуни бўйича ҳужжати қабул қилингунига қадар йўл қўйилади. Ишлар бирлаштирилганда улар бўйича иш кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.

Ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш

Агар суд талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у бир ёки бир нечта бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда йўл қўйилади.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ажратилган талаб бўйича иш кўриш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

 

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш, суд муҳокамаси ва суд мажлиси тартиби.

 

Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда ўзи ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар, ушбу ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган муддатлар, суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Судьянинг ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин.

Судьянинг ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида қуйидаги ҳаракатларни ариза (шикоят) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай амалга оширади:

1) ишда иштирок этиш учун бошқа жавобгарни ёки учинчи шахсни жалб этиш масаласини кўриб чиқади;

2) манфаатдор шахсларни ишни юритиш тўғрисида хабардор қилади;

3) ишда иштирок этувчи шахсларни уларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилади;

4) ишда иштирок этувчи шахсларга, бошқа ташкилотларга, уларнинг мансабдор шахсларига муайян ҳаракатларни амалга оширишни, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишни таклиф этади;

5) гувоҳларни чақиртиради;

6) экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

7) тарафларга зарур далилларни олишга кўмаклашади, тарафларнинг илтимосномаси бўйича уларни талаб қилиб олади;

8) тарафларнинг илтимосномаси бўйича дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ва далилларни таъминлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

9) бошқа шахсларнинг ишга киришиши, ишларни битта иш юритишга бирлаштириш ёки арз қилинган талабларини алоҳида иш юритишга ажратиш, сайёр суд мажлисини ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.

Судья ишнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширади.

Суд муҳокамасининг муддатлари

Агар ушбу Кодексда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши керак.

Алоҳида ҳолларда, суд муҳокамасининг муддати суд раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш муддати ва тартиби

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.

Суд мажлиси

Иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Мажлисда раислик қилувчи судья:

1) суд мажлисини очади ва қандай иш кўрилишини эълон қилади;

2) маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари мажлисга келган-келмаганлигини, уларнинг ваколатларини, мажлисга келмаган шахслар тегишли равишда хабардор қилинган-қилинмаганлигини ҳамда уларнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини текширади;

3) суд таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш ҳуқуқини тушунтиради;

4) келган гувоҳларни сўроқ қилиш бошлангунига қадар уларни мажлис залидан чиқариб юборади;

5) суд процесси иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

6) таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб нотўғри хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;

7) далилларни текшириш тартибини белгилайди;

8) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланишини таъминлаб, мажлисга раҳбарлик қилади;

9) мажлисда тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.

Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.

Суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида иштирок этиш

Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида шахсларнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳақида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиб, ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судларининг суд мажлисида амалга оширилиши мумкин.

Суд мажлисидаги тартиб

Судьялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўринларидан туради.

Суд процесси иштирокчилари судга «Ҳурматли суд!» деган сўзлар билан мурожаат қилади. Улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беради. Бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.

Суд мажлиси суднинг нормал ишлашини ва суд процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлайдиган шароитларда ўтказилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган ҳамда суднинг рухсати билан суд мажлисининг фототасвирини, видеоёзувини, радио ва телевидение орқали трансляциясини амалга ошираётган шахсларнинг ҳаракатлари суд мажлисидаги тартибга халақит бермаслиги керак. Бу ҳаракатлар суд томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.

Мажлис вақтида тартиб бузилган тақдирда, раислик қилувчи тартибни бузган шахсни суд номидан огоҳлантиради. Тартиб такроран бузилган тақдирда, мазкур шахс раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарорини мажлис залида ҳозир бўлганларнинг барчаси тик туриб эшитади.

Далилларни текшириш

Суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.

Аудио- ва видеоёзувларни намойиш қилиш суд мажлиси залида ёки ушбу мақсад учун махсус жиҳозланган бошқа хонада амалга оширилади. Аудио- ва видеоёзувлар намойиш қилинганлиги факти суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.

Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини ҳал қилиши

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ҳамда иш муҳокамаси билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича аризалари ва илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари суд томонидан эшитиб бўлинганидан кейин ҳал қилинади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини қаноатлантириш тўғрисидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалари ишни кўриш натижалари бўйича чиқарилган суд ҳужжатида баён қилиниши мумкин.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш

Суд қуйидаги ҳолларда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли:

агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;

ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;

тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда.

Суд суднинг мажлисида ишни кўриш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун белгиланган муддат доирасида кейинга қолдирилиши мумкин.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади.

Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади.

Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади.

Зарурат бўлганда, ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади.

Суд мажлисида танаффус

Суд ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра суд мажлисида танаффус эълон қилиши мумкин.

Суд мажлисида танаффус уч кундан ошмаган муддатга эълон қилиниши мумкин. Танаффус ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Танаффус тугаганидан кейин суд мажлиси давом эттирилади, бу ҳақда раислик қилувчи суд мажлисида эълон қилади. Танаффусдан олдин текширилган далиллар такроран кўриб чиқилмайди, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллари алмаштирилганда ҳам такроран кўриб чиқилмайди.

Ишда иштирок этувчи шахслар танаффус эълон қилингунига қадар суд мажлисида ҳозир бўлганлигидан ёки бўлмаганлигидан қатъи назар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳисобланади ҳамда уларнинг танаффус тугаганидан кейин суд мажлисига келмаганлиги суд мажлисини давом эттиришга тўсқинлик қилмайди.

Суд музокаралари

Барча далиллар текширилганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Суд бундай материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд музокараларига ўтади.

Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлади. Музокараларда улар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди.

Суд музокараларида биринчи бўлиб аризачи, кейин низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ва жавобгар сўзга чиқади. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишда қайси аризачининг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу аризачидан ёки жавобгардан кейин сўзга чиқади

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг вакиллари суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Суд музокаралари иштирокчилари суд томонидан аниқланмаган ҳолатларга ва суд мажлисида текширилмаган ёки суд томонидан йўл қўйиб бўлмайдиган деб тан олинган далилларга таянишга ҳақли эмас.

Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларида низонинг мазмунига доир фикрини охирида баён этади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Далилларни текширишни тиклаш

Агар суд музокаралари вақтида ёки кейин қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текшириш зарур деб топса, у далилларни текширишни тиклайди, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Далилларни қўшимча текшириш тугаганидан кейин суд музокаралари ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўтказилади.

Суд иш бўйича далилларни текшириш ва суд музокаралари тугаганидан кейин суд ҳужжатини қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.

 

Маърузачи;

Жиззах туманлараро маъмурий

судиниг судьяси

М.Юлдашев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar