Расмий муносабат: Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар
Жорий йилнинг 5 июль куни телеграм тармоқларида “Жиззах вилояти Зомин туманида фермерларни ёппасига ғалла топширишга мажбурлашаётган экан!” номи остида қисқа хабар тарқалди.
Шунингдек, хабарда давлатга ғалла топшириш шартномаси йўқ фермерларга ҳам ғалла топшириш мажбурияти юкланаётганлиги, ушбу топшириқни бажармаган фермер хўжаликларига нисбатан электр энергия тизимини узиб қўйиш орқали чора кўрилаётганлиги айтиб ўтилган.
Афсуски, эътирозли хабарда аниқ бир шахс ёки фермер хўжалиги номи келтирилмаганлиги, туман ҳокимлиги вакиллари, ҳуқуқ тартибот органларида аниқ ҳолатни ўрганиш учун қийинчиликлар яратди.
Шундай бўлсада, шахсан туман ҳокими ҳамда туман прокуратураси томонидан бир қанча ўрганишлар олиб борилди, фермер хўжалик раҳбарлари билан бевосита суҳбат қилинди.
Ўрганишлар натижасида, Зомин туманида ғалла топшириш бўйича давлат шартномаси имзоланмаган фермер хўжаликларидан ғалла ҳосили талаб қилиш ёки туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ноқонунинй равишда электр энергиясидан узиш ҳолатлари аниқланмади.
Шу ўринда, бугун Зомин туманида Муҳтарам Президентимизнинг “Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар, бундан буён, туманда режа бажарилмаяпти, чорва, паррранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади”, деган топшириқлари сўзсиз бажарилаётганлигини эслатиб ўтамиз.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати