Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Судда соддалаштирилган иш юритиш тартиби

Судда соддалаштирилган иш юритиш тартиби

06 сентябрь 2022 йил
257
0

Жамият тараққий этгани сари мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар  умумэътироф этилган ва халқаро тажрибада синалган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мослаштирилмоқда. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ва судларга мурожаат қилишда уларнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олишдан иборатдир. 

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрь куни қабул қилинган “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг яққол намоёнидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қонун билан бир қатор тегишли кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айниқса, Фуқаролик процессуал кодексининг “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган 251-боб билан тўлдирилиши ҳам судьяга, ҳам тарафларга қулайлик яратади. Унда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар, уларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, бу борадаги даъво аризага қўйиладиган талаблар белгиланди.

Хусусан, 2791-2795-моддаларга биноан, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади. Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Агар ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса, билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса, ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради. Ажримда ишни умумий тартибда кўриш асослари кўрсатилади.

Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим. Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.

Албатта, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Даъво аризага кодекснинг 191-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Бунда ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди. Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади. Ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради. 

Хулоса қилиб айтганда, соддалаштирилган иш юритиш тартиби судларни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади.

 

 

Ж.Х.Эсанов

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро суди раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar