Республикамиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб хукуматимиз картошкачиликка алоҳида эътибор бериб келмоқдалар. Ўлкамизда ички бозорни ўзимизда етиштирилган арзон, сифатли маҳсулот билан тўлдириш мақсадида бошқа давлатлардан республикамиз тупроқ иқлим шароитига мос, юқори ҳосилли картошка навлари келтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 06 майдаги ПҚ-4704-сонли қарорига асосан тумандаги Э.Холматов СИУ ва Култепа СИУ ҳудудлари картошканинг супер элита авлодини етиштиришга ихтисослаштирилган ҳудудлар ҳисобланади. Туманда картошка етиштирувчи фермер хўжаликларига тупроқ иқлим шароитига мос, юқори ҳосилли картошка навлари уруғларини етказиб бериш, ички бозорга ва экспортга мева сабзавот маҳсулотларини чиқариш учун туманда 4 та “Зомин элегант экспорт” МЧЖ, “Зомин кластер-1” МЧЖ, “Зомин агро келажак” МЧЖ ва “Замин воҳаси” МЧЖ кластерлари ташкил этилди. Уларнинг вазифалари туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, юқори сифатли қилшоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ички бозорни тўлдириш ҳамда экспортни йўлга қўйишни мақсад қилиб олган. Ҳозирги кунда кластерлар томонидан картошка уруғлиги ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалигига керакли бўладиган уруғликлар, ЁММ ва минерал ўғитлар олиб келиш билан шуғулланмоқда. Туманимизнинг А.Тоиров, Молгузар, Аччи, Ширин, Култепа, Ўзбекистон, Иқбол СИУ ларида ер ҳайдаш, ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудлардаги фермер хўжаликлари мева сабзавот ва картошка экиш учун ҳозирлик кўрмоқдалар. Фермер хўжаликлари ва ташкил этилган кластерларга тупроқ иқлим шароитига мос, юқори ҳосил берадиган картошка уруғларини (элита, супер элита, R1) етиштириш бўйича қуйидаги тавсияларни берамиз.
Уруғлик картошка экиладиган майдон биринчи навбатда экин қолдиқларидан тозаланади. Картошка экиладиган майдонга чириган гўнг ва фосфорли минерал ўғитлар солинади ва майдонлар 30-35 см чуқурликда ҳайдалиб, енгил мола билан биргаликда бароналанади. Майдон тайёр бўлиши билан экиш механизми ёрдамида уруғлик картошка экилади. Картошка қўлда экиладиган бўлса, сув юрган ариқга туганаклар қуйилиб 8-10 см қалинликда кўмилади. Картошка экиш учун ажратилган майдонларни шароитига қараб қатор орасини 70 см этиб экиш тавсия этилади. Уруғлик картошка етиштиришда туганаклар зичроқ экилиши керак. Бунда етиштирилаётган ҳосилнинг асосий қисми (60-70%) уруғбоп бўлиб етилади. Шу сабабли уруғлик учун экиш схемаси 70х20-25 см бўлиши уруғбоп туганакларни кўп бўлишига имкон беради. Уруғлик учун экилган майдонлардан 25-30 тонна ҳосил олиш учун бўз тупроқларда етиштирилганда гектарига 250 кгдан фосфор, 100-150 кг гача калий, ўтлоқ ботқоқ ерларда етиштирилганда 200 кг фосфор, 100-125 кг гача калий бериш тавсия этилади. Ҳар бир гектар ерга 20-30 тонна ярим чириган гўнг солинади. Картошка экилган майдон бегона ўтларга қарши гектарига 1,5-2 литр гезагард препарати, тупроқдаги ҳашоратларга қарши гектарига 15 кг дан инсектицид (ФОРС) билан ишлов берилади. Картошка нихоллари пайдо бўлиши даврида (1-15 кун) гектарига 5 кг карбамид, гектарига 2 литрдан Фунгицид препарати билан суспензия қилинади. Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимликдир. Картошкани экишдан олдин ва экилиши билан дала суғорилиши керак. Картошка палаги ўсган сари унинг сувга бўлган талаби орта боради. Айникса гуллаш даврида тупроқ доимо нам бўлиши керак. Суғориш сони, муддати, суғориш меъёри тупроқнинг хусусияти ва ўсимлик холатидан келиб чиққан холда амалга оширилади. Уруғлик учун экилган картошка ўсув даврида ўртача 10-12 марта суғорилади. Картошка тўлиқ ердан униб чиққандан сўнг биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари культиваторлар ёрдамида 14-16 см чуқурликда 10-12 см химоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади. Иккинчи комплекс ишлов бериш ўсимликнинг шоналаш даврида ўтказилади. Уруғлик картошка майдонларидан хосилни йиғиштириб олишда, ўсимликнинг палагини ўриб ташлаш муҳим тадбир ҳисобланади. Куз фаслининг қулай келиши картошка ўсув даврини узайтириб юборади. Палаги табиий ўлмаган картошка қазилганда унинг пўсти осонгина шилинади. Бу эса ўз навбатида сақлашга қўйиладиган уруғликнинг сифатига, сақлаш жараёнида талофат миқдорини ошишига ҳамда шикастланган туганакларлар хар хил замбуруғли ва бактерияли касалликларга чалинишига сабаб бўлади. Шу сабабли экилган картошка навини ўсув даври, экилган муддати, тўпланган хосилни миқдоридан келиб чиққан ҳолда казиш муддатидан 8-10 кун олдин картошка палаги ўриб ташланиши зарур. Бунда туганаклар эти қалинлашади, ташқи ҳар хил механик шикастланишларга бардошли бўлади. Уларни узоқ муддат сақлаш, сифатли уруғлик тайёрлаш ва талофатларни кескин камайтириш имконияти яратилади.
Ўзагроинспекциянинг Зомин тумани бўлими
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари
етиштирилиши ва таъминотини назорат
қилиш шўъбаси катта инспектор
Қ.Абдугабборов