Ушбу нормани янада мустаҳкамлаш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ҳам очиқ танлов асосида амалга оширилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ишга туширилган Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/) орқали шу пайтача Самарқанд вилоятидаги давлат бошқарув органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари доирасида 5040 марта очиқ мустақил танловлар ташкил этилган.
– Бу танловларга 42 минг 900 нафардан ортиқ талабгор номзоддан аризалар келиб тушди, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори Ш.Азимов. – Танловларнинг 4311 таси бўйича жараёнлар тўлиқ якунланган ва 1887 нафар фуқаро ғолиб бўлиб, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиниши таъминлаган. Бугунги кунда вилоятдаги 45 та давлат бошқарув органи ва ташкилоти, 17 та маҳаллий давлат ҳокимияти органи ҳамда 1148 та умумтаълим мактаби мазкур тизимга уланган.
Аммо давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, очиқ танлов ўтказиш тартибига риоя этиш ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган мониторингларда очиқ мустақил танловларсиз ишга қабул қилиш ёки амалдаги тартибга риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, бу борада 2020 йилда 26 та, 2021 йилда 45 та ва 2022 йил 20 февраль кунига қадар 8 та ўрганиш ва мониторинглар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 2020 йилда 14, 2021 йилда 17 ва 2022 йилнинг ўтган даврида 8 та ҳолатда белгиланган талаблар бузилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилиши натижасида 24 та буйруқ бекор қилинди. Шунингдек, қонунбузилишларга йўл қўйган айрим идора ва ташкилот раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилди.