Ҳар йилгидек, анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Баҳор тароналари” кўрик танловининг вилоятимиздаги ҳудудий босқичлари давом этмоқда.
Бугун Зомин тумани марказидаги 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида танловнинг Янгиобод ва Зомин туманлари бўйича ҳудудий босқичи қизғин тарзда бўлиб ўтди.
Танловда Навруз айёми, урф-одат ва удумларимиз тараннум этилган фольклор санъати намуналари, ўлан ва лапарлар, замонавий куй-қўшиқлар янгради.
Жиззах вилояти маданият бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танлов бу йил ҳам Наврўз байрамига ҳозирлик кўришдаги дастлабки муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Кўрик-танловнинг туманимизда ўтказилган ҳудудий босқичида Янгиобод ва Зомин туманлари бадиий жамоалари, фольклор гуруҳлари, яккахон ижрочилари иштирок этди.
Танловда Зомин тумани маданият ва дам олиш маркази қошидаги “Зомин сайқали” фольклор-этнографик халқ ансамбли ўзининг чиқишлари билан барча йиғилганларда катта таасуротлар қолдирди. Ансамбль ижросидаги туман ҳудудига хос қадимий қўшиқ-рақслардан иборат дастур ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, танлов давомида бошқа йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчилар вилоят ва туманларда ўтадиган Наврўз байрами тантаналарида ўз дастурлари билан қатнашишлари тавсия этилди.
ЗОМИН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ
АХБОРОТ ХИЗМАТИ