Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади. Аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик давр эндиликда 6 йилга оширилади. Болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида биринчи-тўртинчи синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни ташкил этилади. Жорий йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади.
Ҳудудларда бирламчи тиббий хизмати «бир қадам» тамойили асосида йўлга қўйилиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади. Шунингдек, 2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақлари малака тоифасига қараб ошириб борилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Тараққиёт стратегияси ҳар бир устувор йўналиши номланишидан бошлаб, мазмун-моҳиятигача инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган.
Зеро, давлатимиз раҳбари инсон қадри аввало ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратиш, малакали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш керак эканлигини таъкидлаган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА