Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича янги ёндашув жорий этилмоқда.
Молия вазирлигининг хабар беришича, 17 феврал куни бу борада президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб:
Молия вазирлигининг изоҳлашича, ўзгаришлар ногиронлик нафақалари тайинлаш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш ва ижтимоий адолатли тизимни яратиш мақсадида қилинган.
Биринчидан, олдинги тартибда ногиронлик нафақалари турларининг миқдорларида кескин фарқланиш мавжуд бўлган. Хусусан, болаликдан ногирон бўлган шахсларга 622 минг сўм миқдорида нафақа тўлаб берилган. Аммо, ҳаёти давомида ногирон бўлиб қолган шахсларга тайинланадиган нафақа миқдори 440 минг сўмга тенг бўлган.
Кўриниб турибдики, бир хил гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт давомида бир хил тўсқинликларга учраса-да, уларнинг даромад келтирувчи фаолиятини юритиш имкониятлари бир хил чекланган ва соғлиғи ҳолатидан бир хил харажатлар талаб қилинса-да, уларга ҳар хил миқдорда нафақа тўлаб келинган.
Эндиликда эса, ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда – 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, 49 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа 41 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилга қўшимча 81 млрд сўм ажратилади.
Иккинчидан, тизимнинг ижтимоий адолатлилигини сақлаб қолиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдоридан паст бўлган ногиронлик пенсиялари миқдори 622 минг сўмгача етказилади.
Бунда, ногиронлик пенсиясини олувчи 133 минг нафар шахснинг пенсия миқдори ўртача 29 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилда қўшимча 140 млрд сўм Пенсия жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Учинчидан, доимий парваришга муҳтож 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она(ота)ларга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда (500 минг сўм) ногирон бола парвариши учун янги нафақа жорий этилмоқда.
Мазкур нафақани жорий этишдан асосий мақсад – доимий парваришга муҳтож ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оила аъзосини қўллаб-қувватлашдир. Ногиронлиги бўлган фарзанднинг парваришлаётган оналар даромад келтирувчи фаолиятини юритиш имкони бўлмайди ва шундан келиб чиқиб бундай оилаларнинг ижтимоий хатарларга заифлиги ошиб боради. Янги нафақа жорий этилиши натижасида ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар кафолатланган базавий даромад манбайи билан таъминланадилар.
Мазкур нафақа фармон билан тасдиқланган ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатидан келиб чиқиб тайинланади. Натижада, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, 30 мингдан ошиқ ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи оналар учун давлат бюджетидан 2022 йилда қўшимча 157 млрд сўм ажратилади.