Дунё йигирма биринчи асрга қадам қўйган, озодлик ва демократия барча минтақаларда мустаҳкамланаётган бир пайтда юз минглаб эркаклар, аёллар ва болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва уларнинг азоблари эвазига фойда олаётган қабиҳ ниятли кимсаларнинг орамизда борлиги инсонни ҳайратга солади.
Жиноятчилар, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик қопқонига алдаб тушириш орқали улар ва уларнинг меҳнатидан фойдаланиш орқали моддий наф кўришни мақсад қиладилар. Одам савдоси билан шуғулланувчи кимчалар куч, фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда, биринчи навбатда ҳимояга муҳтож, заиф ва тушкунликка тушган инсонларни, шунингдек моддий эҳтиёжманд, пул топиш илинжида бўлган шахсларни ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлида турли хорижий давлатларга иш ва мўмай пул ваъда қилиб, уларни ўз тузоқларига илинтирадилар. Маълумки, одам савдоси жинояти жабрланувчиларни хорижий давлатларга ўтказиш ва шу давлатларда уларнинг меҳнатидан фойдаланиш орқали амалга оширилади. Одам савдоси жинояти трансмиллий ҳарактерга эга экани боис, унинг олдини олиш, ушбу жиноят натижасида жабр кўрган шахслар ҳимоялаш ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш учун давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж зарур. Ҳозирги кунда одам савдосининг турли кўринишлари билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди, жумладан бугунга келиб, бола ва чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Мамалкатимизда одам савдоси жиноятининг олдини олиш, унга чек қўйиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Одам савдосига қарши курашнинг қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали восита ҳисобланади. Жойлардаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлар, корхона, муассаса ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши лозим. Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш, яъни уларни нормал ҳаёт тарзига қайтариш, жиноий тажовузлар оқибатида уларнинг ижтимоий-маиший шароитлари оғирлашгани сабабли ҳуқуқбузарликлар содир этиш йўлига ўтиш ҳолатларининг олдини олиш - бир сўз билан ифодалаганда, ижтимоий реабилитация билан шуғулланувчи ихтисослаштирилган муассасаларнинг ташкил этилганлиги ҳамда жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан ҳуқуқий механизм ҳамда кафолатлар яратилганлигидир.
Навбатдаги энг муҳим вазифа шуки, қонунни ижро этиш, профилактика, яъни олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, халқимизга унинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ тушунтириш жараёнида барча фаол иштирок этиши зарур. Зеро, кенг жамоатчилик ёрдамида ҳар қандай мураккаб муаммони осонлик билан ҳал этиш мумкин.
Жиноят ишлари бўйича
Зомин туман судининг раиси
Ш.Х.Шамшиев