Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан шу йилнинг 1-мартидан яна давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати тадбирлари бугундан бошлаб юборилди. Маҳалла ва кўчалар ободлиги, юрт фаровонлиги учун ўз ҳиссасини қўшишни ният қилган ва бу йўлда хомийлик билан ўз кўмагини кўрсатиш истагида бўлган юртдошларимиз ёрдами билан Зомин туманининг 1-сектори ҳудудидаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Фидоийлар” ва “Обод маскан” кўчаларига 2000 дона арча кўчатлари экиш ишлари олиб борилаяпти.
Маҳалла раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Акром Худойбердиев, маҳалла оқсоқоллари, фаоллар ва ёшларнинг ғайрат билан бошлаган ишлари дарагини эшитиб, халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири Мухаммади Ғоибназаров бошчилигидаги бир гуруҳ туман фаоллари ҳам маҳаллага ташриф буюрдилар.
Эзгу ишдан четда қолмай, деган ниятда бошлаб юборилган ҳашарга ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган маҳалла аҳли тобора кўпая борди. Маҳалладаги бир неча ўнлаб хонадонларга 3000 дона ток кўчатлари экиш ишларига “Бирлик” маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчиси Жавлон Нўъмонов бош –қош бўлиб, хомийлик асосида келтирилган ток навдаларининг пухта ва сифатли экилиши бўйича тавсиялари билан ўртоқлашди.
Шу каби, “Истиқлол” қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳам бугундан “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар бошлаб юборилган. Ҳудуднинг Ём қишлоғига 1700 дона манзарали кўчатлар келтирилиб, аҳоли томонидан ҳар бири арзонлаштирилган нархларда – 10 000 сўмдан сотиб олиниб, кўча ва томорқаларга, аҳоли хонадонларига экилаяпти.
Мазкур тадбирлар эндигина бошланди. Мақсад – юрт фаровонлигини аввало ўз ҳовли-томорқаларимиздан, кўча ва маҳаллалардан бошлаш. Орасталик, фаровонлик, файз бор жойда барака бўлади.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати