Барча жойларда бўлгани каби, Зомин тумани сектор раҳбарлари томонидан ҳудудидаги маҳаллаларда ёшлар билан учрашиш, уларни қийнаб келаётган муаммо ва ташвишларни эшитиш ҳамда ҳал этиш ишлари устувор вазифалардан бирига айланиб улгурган.
Мана шундай натижадор учрашувлардан бири бугун 4-сонли умумтаълим мактабидаги Келажак касблар марказида бўлиб ўтди. Туман 2-сектор ҳудудидаги Юксалиш МФЙ ёшлари билан сектор раҳбарининг учрашувида тумандаги бир қатор корхона ва ташкилот раҳбарлари, тижорат банклари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Дастслаб, учрашувда бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳатлар, ёшлар сиёсати ва камбағалликни қисқартириш, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш, тадбиркорлик йўналишларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар борасида фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг, ёшларнинг банк кредити олиш, ўзини-ўзи банд қилиш, қуёнчилик, паррандачилик, нонвойчилик ва бошқа маиший хизмат турлари бўйича сервис хизматларини кўрсатиш масаласидаги таклифлари жойида ўрганилиб, тегишлича ҳал этиш юзасидан ташкилот ва корхона раҳбарларига топшириқлар берилди.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати