Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини юритишлари учун қатор қулайлик ва имкониятлар яратилмоқда. Тадбиркорларга яратилган имтиёз ва енгилликлар мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар кабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-418-сон Қонуни тасдиқланганидан сўнг Зомин тумани статистика бўлими томонидан туманда тадбиркорликни фаолиятини ривожлантириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан кўплаб амалий ишлар бажариб келинмоқда.
Ушбу қонуннинг 3-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси (кейинги ўринларда ЎзР МЖтК деб аталади)нинг 271-моддаси (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 11-банд билан, 305-моддаси (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш муддатлари) тўртинчи қисм билан тўлдирилган.
Шунингдек, ЎзР МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига мувофиқ, “агар ушбу Кодекс 215-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, бундан фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига зарар етказилган ҳоллар мустасно” деб белгиланди ва бундай ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги қайд этади.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилнинг дастлабки январ-феврал ойлари давомида Зомин туманида 93 та янги корхона ва ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг жами сони 4084 тага етди. Янги ташкил этилган корхоналарнинг қарийб 83 таси (89,2 фоизи) кичик тадбиркорлик субъектларидир.
Ушбу қонун талабларининг тўлақонли бажарилиши барча тадбиркорларимиз учун кенг имкониятлар яратади деб ҳисолаймиз.
Зомин тумани статистика бўлими