Бугун Болар-ўсмирлар спорт мактабида Зомин туманидаги “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларига старт берилди.
Маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни санъат, спорт, IT ва китобхонликка кенг жалб этиш мақсадида маҳалла, сектор, туман, вилоят ва республика миқёсидаги беш босқичдан иборат лойиҳанинг очилиши маросимида туман ҳокими Алишер Абдуғаниев, туман Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими раҳбари А.Ғаниев, туман прокурори И.Алиқулов, тегишли ташкилот ва идора вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Маросимда сўз олган туман ҳокими Президентимизнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ёш авлод билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари яратилгани, ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, фестиваллар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти катта бўлаётганини таъкидлади.
Ушбу «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида Зомин туманидаги маҳаллалардан 7-30 ёшдаги йигит-қизлар волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, стритбол каби спортнинг 9 тури бўйича куч ва маҳоратини синовдан ўтказишади.
Тадбирнинг очилиш маросимида туман спортчилари томонидан кўргазмали чиқишлар, Темурийлар издошлари мактаби ўқувчиларининг куй-қўшиқлари янада кўтаринкилик бағишлади.
Зомин туман ҳокимлиги
ахборот хизмати