Йиллар давомида халқимизнинг армонига айланиб келаётган бир қатор қадриятлар қайта тикланиб, дин эркинлиги, улуғ динимиз- Исломга бўлган эътибор ошмоқда. Икки дунё саодатини истаган аҳли мусулмон бемалол ибодат қилиб, диний ақидаларини бажаришига имкон туғилди.
Қолаверса, инсонлар қалбида ўзаро биродарлик, аҳиллик, тинчлик ва истиқлол учун шукроналик туйғулари мустаҳкамланиб бормоқда. “Лайлак-уя" қишлоғи "Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида куни кеча хуфтон намозини янги масжид биносида адо этган юртдошларимиз ана шу ислоҳотларни дилдан туйиб, Яратганга шукрона келтирдилар.
Ўтган 2021 йилнинг май ойида бир гуруҳ хомийларнинг ташаббуси билан бошланган хайрли иш – янги масжид биносининг қурилиши якунига етиб, мухташам ибодат уйи махалла аҳли фойдаланиши учун топширилди.
Янгитдан қурилган масжиднинг минораси 31 метрни, маҳобатли гумбази билан биргаликда, масжид баландлиги 25 метрни ташкил қилаяпти. 450 нафар намозхонларнинг бир вақтнинг ўзида тоат-ибодатларини бажаришлари мумкин бўлган мазкур даргоҳда қўшимча қулайликлар ҳам кўзда тутилган.
Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан Шайх Алижон қори ва бир қатор мутасаддилар ҳам иштирок этдилар.
Таровех намози олдидан масжид имом хатиби Абдулмажид Маллаев, пойтахт дан ташриф буюрган мехмонлар ва туман бош имом-хатиби Аброр Равшановлар дуолар қилиб, ушбу ибодатгохнинг барпо этилишида хисса қўшган барча инсонларга ташаккур билдирдилар. Рамазон хайити билан йиғилганларни муборакбод этдилар.
Амир ҲАМЗА жомеъ масжиди очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Нуронийлар жамғармаси ва Махалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати