Хабарингиз бор, 4-май куни тоғли ҳудудларда кучли жала ёғиши оқибатида сел келиб, Пешағор қишлоғидаги маҳаллаларда жойлашган бир қанча ахоли ҳонадонларига шикаст етказган эди. Натижада, зарар кўрган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида 2-секторда махсус штаб ташкил этилди.
Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази Зомин туман бўлинмасининг ташаббуси билан тумандаги мактабларда фаолият юритаётган бир қатор ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчилар гуруҳи Пешағордаги табиий офатдан зарар кўрган хонадонлар ҳолидан хабар олишди.
Тарғиботчилар гуруҳи қишлоқдаги Бойжигит Абдуллаевнинг уйида бўлишди. Табиий офат келтирган зарарни бартараф этишда кўмаклашиб, ўзлари келтирган озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор буюмлари ва рўзғорда биринчи навбатда зарур бўлувчи воситаларни штабда ташкил этилган қабул бўлимига топширдилар.
Мазкур қабул бўлимида туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Собир Парманов бошчилигида тумандошларимиз томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқат ва бирламчи рўзғор буюмларини қабул қилиб олиш, уларни энг кўп зарар кўрган фуқароларга тақсимлаш бўйича алоҳида гуруҳ фаолият юритмоқда.
-Халқимиз бу каби синовларда ҳеч қачон четда қараб турмайди,-дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Зомин туман бўлинмаси раҳбари Ғанишер Сайдуллаев. -Мана, бугун ҳам бизнинг энг фаол тарғиботчиларимиз, қолаверса тумандаги қатор корхона ва ташкилотлар, муассасалар жамоалари, маҳалла фаоллари Пешағорга беминнат кўмак бериш учун саҳоват кўрсатишмоқда.
Мазкур хайрли ва савобли ишдан биз ҳам четда эмасмиз.
Ушбу саҳоват тадбирларида Халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг "Шарқ тонги" газетаси таҳририяти ижодий ходимлари ҳам бевосита иштирок этдилар.