Оила мустаҳкамлиги жамиятнинг тараққиёти билан боғлиқ. Давлатимиз томонидан оилавий ажримлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Албатта, кундалик ҳаётимизда оилавий ажримларга сабаб бўлаётган турли омиллар мавжуд. Масалан, ажримларнинг энг муҳим сабаблардан бири, бу – иккала томон бир-бирларини яхши билмай оила қуришидир ёки келин-куёвнинг турмушга тайёр эмаслиги, меҳнат қилишга ўрганмаганлиги, сабр ва ирода билан енгиш мумкин бўлган қийинчиликларга тоқат қилмаслигидир.
Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинларидаги нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилган. Эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан судга қадар маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари алоҳида суҳбат олиб бориб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланмоқда. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, уларга маҳалладаги намунали оилаларда мураббийлар бириктирилмоқда.
Бироқ, афсуски, оилавий ажримларнинг сони охирги вақтларда кескин ошишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилмоқда.
Чунончи: оилани сақлаб қолиш учун қилинган барча ҳаракатлар натижа бермаганидан сўнг, эр ёки хотин судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилмоқда.
2018 йил 3 январда қабул қилинган «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга биноан Оила кодексининг 40-моддаси «Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак», деган мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу тўлдириш оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги учун хизмат қилади.
Халқимиз болажон ва оилавий қадриятларни ҳурмат қилади. Икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилишади. Бироқ, ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оиланинг барбод бўлиши, фарзандларнинг етим қолиши ачинарли ҳол.
Шунинг учун ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, оила ва хотин қизлар бўлимлари бу масалага ҳамиша масъулият билан ёндашсалар, муқаддас оила қўрғони ҳеч қачон дарз кетмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси
Зомин туман бўлими мудири.
Н. ФАЙЗИЕВА,