Жорий йилнинг 28 май куни Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан Зомин туманидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва аҳоли билан Зомин тумани, “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини биносида сайёр учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда йиғилиш қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги ПФ-101-сонли Фармони мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтди.
Жумладан, мазкур Фармон 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш ҳамда бизнес доираларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинганлиги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти авваламбор, тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш учун янги қадамлар бўлаётганлиги таъкидланиб ўтилди.
Мазкур учрашув ўзаро очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, тингловчилар томонидан ерга оид ва фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид берилган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, мазкур қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида аёлларнинг бандлигини ошириш бўйича ташкил этилган касаначиликни ривожлантириш бўйича фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятлари билан танишиб, ушбу соҳани ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 апрелдаги “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-214-сонли Қарори қабул қилинганлигини, касаначиликни ривожлантириш орқали ишсиз аҳоли, айниқса хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш мақсадида бир қанча имтиёз ва имкониятлар яратилганлиги тўғрисида тушунчалар берилиб, бу соҳани ривожлантириш учун ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шомурод Бегматов
Зомин туманлараро иқтисодий судининг раиси