Қардошларимиз бўлмиш Туркиянинг “ТРТ” телеканали Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Низам Шаҳин Зомин тоғларига қилинган ташриф давомида ўз таасуротлари билан ўртоқлашди.
-Ҳақиқатдан ҳам бетакрор табиат, тоза ҳаво, ўхшаши йўқ манзиллар жамланган экан, бу ерда – дейди мартабали меҳмон. – Ҳар қадамда ўзбекона меҳмоннавозлик, шу тоғлардек пурвиқор табиатли инсонларнинг хуш муомаласи, булоқ сувлари, арчазорлар, маҳобатли даралар – буларнинг барчаси мазкур масканда ажойиб эко тизимни барпо этади. Энди тушундимки, юртингизнинг барча гўшаларидан бу ерга бекорга одамлар ошиқмас экан. Нафақат Ўзбекистон, балки, хориж давлатларидан ташриф буюрувчи сайёҳларни ҳам бу манзара албатта лол қолдиради, ўзига жалб этади, бир келган одам яна келсам, деган орзу билан ортига қайтади.
Ҳа, бугун туманимизда бўлиб турган “Янгиланаётган Жиззах – журналистлар нигоҳида” деб номланган медиатур қатнашчилари туманимизнинг тоғли ҳудудларига қилган ташрифи давомида ана шу каби эътирофларни билдириб бордилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда туризм, ҳусусан, экотуризм соҳасига бўлган эътибор натижаси ўлароқ, Зомин тоғларида амалга оширилаётган қатор ишлар, туризмни ривожлантириш йўлидаги дастлабки қадамлар ўзининг мевасини беришни бошлади.
Ташкил этилаётган меҳмон уйлари, оромгоҳ ва сиҳатгоҳларнинг нафақат сони, шу билан бирга сифати ҳам ошиб, хизмат турлари тобора кенгайиб бормоқда.
Медиа-тур иштирокчилари бир қатор хонадонларда бўлиб, Зомин брендига айланиб бораётган “Қозон патир”, “Тандир кабоб” каби таомларнинг тайёрланиш жараёнини кузатдилар, бир қатор маҳаллий таомларнинг тайёрланишига шахсан гувоҳ бўлдилар.
Шундан сўнг, ҳудуддаги “Миллий табиат боғи”га саёҳат қилиб, бетакрор табиат манзараларини суратга олиш билан машғул бўлган ОАВ вакиллари, хорижлик меҳмонлар медиа-тур ўз олдига қўйган вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Зомин туристик рекреатцион зонаси”да олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.
Медиа-тур эртага ўз ниҳоясига етади.