Биринчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.
Иккинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.
Учинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.
Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.
Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.
Статистика бўлими бош мутахассиси Ф.Эргашев