Жиззах вилояти ҳарбий маъмурий сектори, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Ёшлар ишлари агентли Жиззах вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан Зомин туманидаги ҳарбий қисмда “Ёш ватанпарварлар йиғини” лойиҳаси асосида 18–25 ёш атрофидаги 100 нафар ёшлар 3 кун муддатда жанговар, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда касбга йўналтириш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Бу ерда ҳарбий фанлардан ташқари, йигитларни касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислар томонидан турли мавзудаги тренинглар ўтказилади.
Жиззах вилоятидаги 12 та туман ва Жиззах шаҳридан ҳарбийликка қизиқиши юқори ва асосийси ўз истагига кўра келган ёшларга ҳарбий либослар берилди. Тиббий кўрикдан ўтказилди. Гуруҳларга бўлиб, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди. 3 кун давомида ёшларни "Ғалаба боғи" га саёҳати ҳам режалаштирилган.
Йиғин якунида жисмоний ва ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган 10 нафар ёшлар Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов буйруғига кўра, июл-авгус ойларида бир ойлик хизматга қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январ куни Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армия билан биргаликда ҳарбий маъмурий секторлари ҳам олдинги қаторларда бўлишини таъкидлаган эди.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати