Сўнгги йилларда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ўзбошимчалик ва бепарволикка йўл қўйиб келинаётир. Бундай қонунбузилиш ҳолатлари, асосан ер майдонлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш шаклида қайд этилмоқда.
Ачинарлиси, бу каби ҳолатлар юзасидан бирор-бир шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан қолаётганидир. Яъни бунга ким айбдор, ким жавобгар экани қонуний белгиланмаган эди.
Қонунчиликда ушбу бўшлиқдан аксарият ҳолатларда фермер хўжаликлари раҳбарлари фойдаланиб, фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш сони ортганди.
2019 йил 04 март куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар янада аниқ акс этган янги 1971-модда билан тўлдирилди. Унда белгиланганидек, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи жавобгар ҳисобланади.
Агар шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна шу ишга қўл урса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 60-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари тўлдирилди. Яъни ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш -
фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу кодекс 601-модда билан тўлдирилиб, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик - фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 212-моддасига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга – сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин. Бу ҳолда иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган шахс иморат қурган шахснинг харажатларини суд белгилаган миқдорда қоплайди.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 90-моддасига кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.
Жиззах туманлараро маъмурий
судининг раиси
А.Уринов