Бизга маълумки Конституциямизнинг 107-моддасида, Ўзбекистон Республикасида суд тизими белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.
Бироқ бизда шундай суд борки, ушбу суд фаолияти алохида қонун билан белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 16 октябрдаги “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ЎРҚ-64-сонли Қонуни билан мамлакатимизда ҳакамлик судлари ташкил этилган ва қонун билан ушбу суднинг фаолият белгилаб берилган.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият кўрсатувчи ва муваққат ҳакамлик судлари ташкил этилиши мумкин. Бунда Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмас.
Юқоридаги қонуннинг 14-моддасига кўра, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, низонинг холис ҳал қилинишини таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик битими тарафларидан мустақил бўлган ва ҳакамлик судьяси мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин.
Низони якка тартибда ҳал қилувчи ҳакамлик судьяси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Низо ҳайъатда ҳал қилинаётганда ҳакамлик суди таркибининг раиси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак.
Ҳакамлик судьясининг малакасига қўйиладиган талаблар ҳакамлик битими тарафлари ўртасида бевосита келишиб олиниши ёки доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидалари билан белгиланиши мумкин.
Муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс; содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс; ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун судья, адвокат, нотариус, терговчи, прокурор ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати қонунда белгиланган тартибда тугатилган шахс ҳамда қонунда белгиланган мансаб мақомига мувофиқ ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин бўлмаган шахс ҳакамлик суди судьяси бўлиши ман этилади.
Ҳакамлик судлари - фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади.
Ҳакамлик суди шартнома шартларига мувофиқ ва иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Агар ҳакамлик битими тарафларининг муносабатлари қонунчилик ёки ҳакамлик битими тарафларининг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган бўлса ва бу муносабатларга нисбатан қўлланиладиган иш муомаласи одати мавжуд бўлмаса, ҳакамлик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини қўллайди (қонун ўхшашлиги), мазкур ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш имконияти бўлмаган тақдирда эса ҳакамлик битими тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликнинг мазмунидан (ҳуқуқ ўхшашлиги) ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Иқтисодий процессуал кодексининг 28-моддасига кўра, мамлакатимиздаги иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ, даъвони таъминлаш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ҳамда ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишларни ҳам кўриб чиқади.
Хулоса ўринда шуни айтиш мумкинки, юртимизда кундан кунга тадбиркорлик фаолияти ривожланмоқда, янгидан-янги иқтисодий муносабатлар юзага келмоқда, низо мавжуд бўлмаган айрим тоифадаги иқтисодий муносабатларни қонун йўли билан ҳакамлик судларига ўтказилса, ушбу судларни нуфузи янада ривожланарди.
Шомурод Бегматов
Зомин туманлараро иқтисодий судининг раиси