Бугун мамлакатимизда янги давр бошланди. Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун кўрилаётган бу даврда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш бош вазифа этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари президентлик вазифасини бажаришга киришган илк кунлариданоқ, мутасаддилар олдига республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш вазифасини қўйдилар.
Аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ҳар қандай дастурлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби ва жойлашуви тўғрисидаги аниқ маълумот ва таҳлиллар асосида ишлаб чиқилгандагина кўзланган натижаларни беради. Бундай маълумотларни олиш имконини берадиган ягона – аҳолини рўйхатга олиш тадбири мамлакатимизда бундан 30 йил аввал ўтказилганлиги боис, узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш имкониятларини маълум даражада чекламоқда.
Халқаро тажрибага асосан аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.
Ҳозирги пайтда мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш халқаро меъёрлар асосида ўтказилади. Ҳар 10 йилда ўтказиладиган
бу тадбирда аҳоли анъанавий: ёши, жинси, маълумоти, иш жойи, миллати, шунингдек, тураржойи ва унинг маиший асбоблар билан жиҳозланиши каби саволларга жавоб бериши керак бўлади.
Аҳолини рўйхатга олиш аввало давлатга ёки ҳукуматга эмас, жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир. Рўйхатга олишда қатнашаётган ҳар бир фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим эта туриб, ўзлари мансуб бўлган кишилар гуруҳига тегишли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этадилар.
Мисол учун, ишсизларнинг сўровномадаги жавоблари меҳнат бозорини ўрганиш ва айнан керакли жойда янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Болалар сони тўғрисидаги маълумотлар мактаб, болалар боғчалари ва шу каби муассасалар қурилиши режаларини тузишда ишлатилади. Ёш ҳақидаги маълумотлар қачон ва қанча одам пенсияга чиқиши, уларнинг пенсия тўловлари учун зарур бўладиган маблағларни жамғариб бориш имконини беради. Яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар биримизнинг уйимизгача келадиган йўллар қурилишини режалаштириш учун зарур.
Зомин туман аҳолини рўйхатга олиш бўлими
бошлиғи Б.Жонтурсунов