Бир замонлар Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Зомин, яъни қадимги Уструшона давлатида обод шаҳарлар, гуллаб-яшнаган қишлоқлар атрофдаги давлатларнинг ҳунармандлари, савдогарларини мафтун этган. Шунинг учун ҳам Уструшона бозорлари доим гавжум бўлган. Ғарбга, Шарққа йўл олган карвонлар албатта бу заминда тўхтаб, унинг мевалари, ғалла ва зилол сувларидан захира қилишган.
Мана, Зомин қуёши яна порлади! Яна ободлик, фаровонлик — бу муқаддас тупроқ эъзозга сазавор, халқи тўкин ҳаётдан шукроналикда яшамоқда. Буларнинг ҳаммаси Мустақиллик шарофатидир. Саноқли кунлардан кейин мустақилликнинг 31 йиллик тўйини нишонлаймиз. Бу улуғ байрамга Зомин тумани аҳли ҳам муносиб тайёргарлик кўрмоқда.
Биз бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.
Фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари таъминланаётгани Янги Ўзбекистонимизда кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётгани барчамизни бирдай қувонтиради, ғайратимизга ғайрат, шижоат қўшади.
Инсон учун ҳамиша унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият бўлмаган. Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар муқаддам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан қаттиқ танқидга олинар, бу нафақат юртимиз нуфузига, балки мамлакатимиз иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.
Президентимиз «Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур», дея таъкидлаганди.
Жорий йилда туманимизда 19793 та доимий ва мавсумий иш ўрни яратишни режалаштирганмиз. Ўтаётган йилда 243 нафар янги кичик бизнес субъектлари давлат рўйхатидан ўтди. Ўтган олти мобайнида 161,7 миллиард сўмлик саноат, 114,7 миллард сўмлик ҳудудий саноат, 527,3 миллиард сўмлик истеъмол моллари ишлаб чиқарилишига эришдик.
Шахсий турар жойга эга бўлиш кўпчилик учун бир орзу эди. Ўз хонадонига эга бўлиш меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. 2017-2021 йиллар давомида туманимиздаги 580 та хонадон янги турар-жой билан таъминланди. 120 та кам таъминланган оилалар ватанли бўлди. 41 нафар хотин-қизга республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси кўмаги билан хонадон учун тўловлар амалга оширилди.
Тан олиш керакки, кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларни бандлиги масаласи, аҳоли орасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш ишларини самарали ташкил этилаётгани одамларимиз ҳаётини фаровонлашишига хизмат қилмоқда.
Бугун барча раҳбар кадрлар халқ орасига кириб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан бевосита танишаётгани, муаммоларни жойида ҳал бўлаётгани мамлакатда қашшоқликни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни жадаллик билан амалга оширилаётганидан далолат беради.
Кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг қабул қилиниши барчамиз учун дастурамал ҳужжат бўлди.
Юртбошимиз ташаббуси билан наинки нурли манзиллар, балки шу ерда яшаётган турли миллат ва элат вакилларидан иборат халқларнинг бугун оташ қалби сурурга, ғурурга, фарахга тўлди. Қад ростлаган муҳташам бинолар, обод турар жойлар, боғ-роғлар энди мана-ман деган ўзи каби қишлоғу шаҳарларни ҳайратга чўмдирадиган даражада обод этди. Бугун Зоминга талпинаётган зиёратчилар, саёҳатчиларнинг оқими асло тўхтагани йўқ.
Ҳар бир зоминлик юртни обод қилиш ишқида меҳнатга чоғланган. Республикамиз Мустақиллигининг 31 йиллигига туманимизда тўйга тўёна сифатида ишга туширилиши кўзда тутилган бино ва иншоотлар бир талай. Ҳудудимизнинг ҳар гўшасида юртни обод қилиш истагидаги ҳамюртларимиз эрта тонгдан барчани ҳайру баракага, зафарга чорлайди.
Ҳар бир маҳалла мақтана оладиган тўёнаси билан тўйга тайёр турибди. Йиллар давомида қалқиб турган муаммоларга бирин-кетин ечим топилаётгани, олдингидай узоқ-узоқларда эмас, шундоқ ёнгинасида иш ўринлари ва бошқа қулайликларга эга бўлаётган зоминликнинг яхши яшаш орзуси бугун юз-қўзидаги тафтида, шижоату шаҳдида кўринади.
Янги ва чароғон масканларда бугун улкан мақсадларни кўзлаб бахтни, ҳудудга туҳфа этилган меҳрни, ободликни оқлашдек шарафли масъулият одамларни Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга даъват этаверади.
ЯНГИЛАНАЁТГАН ЗОМИН
“Зоминсой” канали атрофида тижорат банклари масъуллигида кўнгилочар масканлар ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Каналининг чап қирғоғида “Асакабанк” АЖ томонидан қурилаётган 17 та объектларнинг асосий қурилиш ишлари якунланиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилиши белгиланган. “Зоминсой” каналининг ўнг қирғоғи бўйича “Миллийбанк” АЖ томонидан қурилаётган 2 та объектнинг асосий қурилиш ишлари жорий йилнинг август ойида якунланади. Айни пайтда мазкур объектларда 311 нафар ишчи ходим ва 11 та махсус техника воситалари фаолият кўрсатмоқда.
Туман бўйича жами 69 та икки қаватли, тўрт сотихли, 9 та беш қаватли бир подъездли ҳамда 27 та бир қаватли,
4 сотихли уй-жойларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Талабгорлар томонидан ушбу уй-жойлар учун жами 24,4 млрд. сўм маблағ шакллантирилган. 69 та уй-жойларнинг умумий нархи 51,0 млрд. сўмни ташкил қилади. “Қўрғон” МФЙда қурилаётган олтита беш қаватли ва 3 та 5 қаватли, 27 та бир қаватли 4 сотихли уй-жойларда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
“Қўрғон” МФЙ ҳудудида “Зомин тарихи ва ўлкашунослик музейи”нинг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Янгидан пудратчи ташкилот этиб тайинланган “Диамонд” хусусий фирмаси томонидан махсус техника ва ишчилар ишламоқда.
Туманнинг 232 гектар қир-адирларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 100 минг тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. Томчилаб суғориш технологиясида қурилиш ишлари якунланган. Ҳозирги кунда Зомин сув омборидан асосий тармоқга сув келтирилган.
ЖАМҒАРМА КЎМАГИ ЭВАЗИГА
Туманда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда туманда “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар сони 2819 тани, оила аъзолари сони 12833 нафарни, меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони 3848 нафарни ташкил этади.
Ҳозиргача меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 3828 нафари, шундан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига
336 нафар, қишлоқ ҳўжалиги соҳасида 291 нафар, қурилиш соҳасида 36 нафар ҳамда бошқа соҳаларда 172 нафар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2995 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ҳудуддаги ҳомийлар ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ харакати жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга жами 4 млрд. 79 млн.сўмлик ёрдам кўрсатилди. Бугунги кунга қадар оилавий шароити яхшиланган 2739 та оила халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорларига асосан “Темир дафтар” дан чиқарилди.
ШИРИН-ШАКАР МЕВАЛАР ЭКСПОРТГА
Туманда 2022 йилда ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган дастурга кўра қиймати 566 миллиард сўмлик бўлган 57 та лойиҳа ишга туширилиб, 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Жумладан, “Ширин” ҚФЙ ҳудудида “Агрофинанслизинг” АЖ томонидан 350 гектар ер майдонида қиймати 70 миллиард сўмлик “Интенсив боғ ташкил этиш, “Дуоба” ҚФЙ ҳудудида “Mountain Blue Resort” МЧЖ томонидан қиймати 44 млрд. сўмлик “Меҳмонхона хизматини ташкил этиш”, “ААА Company” МЧЖ ҚК томонидан 6,2 миллиард сўмлик “Туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуасини ташкил этиш” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган январь-июль ойларида қиймати 29,6 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа ишга туширилди. Саноатда 7,8 млрд. сўмлик 5 та, хизмат кўрсатишда 3,7 млрд. сўмлик 5 та, қишлоқ хўжалигида 18 млрд. сўмлик 10 та лойиҳалар амалга оширилди.
“Зомин саховати” МЧЖ томонидан “Ковулни қайта ишлашни ташкил этиш”, “Versal Azizbek Lazizbek хусусий корхонаси томонидан 4,8 млрд. сўмлик “Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш” ва “Полипропилен қоп ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Мадина Шахноза Файз” МЧЖ томонидан 600 млн. сўмлик “Гўзаллик салони” маиший хизмат кўрсатиш, “Шерқўзиев Хуршидбек ниҳоллари” фермер хўжалиги 1,1 млрд. сўмлик, “Шохжаҳон Сардорбек даласи” фермер хўжалиги томонидан 600 млн. сўмлик боғдорчилик лойиҳалари ишга туширилди.
2022 йил якунига қадар саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги бўйича янги лойиҳалар ишга туширилиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.
“Жиззах органик” МЧЖ ХК гўшт-сут йўналишидаги чорвачилик лойиҳаси бўйича (хорижий инвестор “Delmor” ХХР) томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида 3,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 1000 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.
2022 йилда туманда 12,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги экспорт прогнози белгиланган бўлиб, шундан 8,5 млн. доллар саноат маҳсулотлари ва 4,4 млн. доллари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади. Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида туманда 4,3 млн. АҚШ долларилик саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
КИШМИШ ҚЎШИБ, ЧОЙ БЕРАМИЗ КЕЛСАНГИЗ
Президентимиз томонидан 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича туманда қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда узумчиликни ривожлантириш мақсадида 4 минг гектар майдонда токзорлар барпо этилди.
Жумладан, фермер хўжаликларида 3538 гектар, узумчилик кластерларида 112 гектар, аҳоли томорқаларида эса 350 гектар майдон токзорларга айлантирилди. Бунинг натижасида 1460 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудуд бўйича ўтган йилнинг куз фаслида 992 гектар, жорий йилнинг баҳорида 2658 гектарга хўраки, кишмиш, саноатбоп ток кўчатлари экилди.
“Ғаллакор” МФЙдаги Қуёноқли-Сурхонобод қишлоғи атрофидаги ҳудудга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 20 гектар майдонда токзор барпо этилди. Боғишамол-Ҳулкар-Қўриқ қишлоқларининг юқори қисмидаги адирликларида ҳам бозорбоп ток кўчатлари парвариш қилинаётир.
—Туманимиз мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди,—дейди халқ депутатлари туман кенгаши котибият мудири М.Ғоибназаров. —Ҳудуд иқлимига мос, сердаромад ва бозорбоп узум навлари келтирилиб, аҳолига бепул тарқатилди.
Ҳар бир хонадонда “Ризамат”, “Кишмиш” каби узум навлари экилиб, эл дастурхонини обод қилиш, бозорларга файз киритиш бўйича туманда тегишли дастур ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Дарҳақиқат, мазкур хайрли ишларнинг “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати билан ҳамоҳанг равишда олиб борилганлиги натижасида ҳам кўзни қувонтирадиган боғзорлар, ҳам сердаромад соҳа-узумчиликни ривожи йўлида туманда дастлабки қадамлар қўйилди.
САЙЁҲЛАР НИГОҲИДАГИ ГЎША
Ҳудудда 7 та меҳмонхона, 4 та санатория ва соғломлаштириш объекти, 6 та дам олиш маскани, 85 та оилавий меҳмон уйлари, 108 та археологик ёдгорликлар мавжуд. Шунингдек, 13 та зиёрат объекти, эко ва агро туризм ихлосмандларини Зомин ўрмон хўжалиги, тоғ қўриқхонаси, миллий табиат боғи ҳам ўзига чорлайди.
Зомин ўрмон хўжалигида жанубий кореялик ҳамкорлар билан 5 гектарлик писта плантацияси барпо этилди. 2020-2023 йилларга мўлжалланган 120 миллиард сўмлик лойиҳага кўра, экспортбоп писта нави етиштирилиб, маҳсулот экспортга йўналтирилади. Ҳудуднинг Усмонлисой бағрида экотуризм ишқибозлари учун 20 та кемпинг бунёд этилди. 40 ўринли мўъжаз меҳмонхоналар фойдаланишга топширилиб, 20 та иш ўрни яратилди.
Салкам 24000 гектарни ташкил этувчи Зомин миллий табиат боғи ҳар қандай кишини ўзига мафтун этиши табиий. 1000 дан ортиқ флора дунёсига эга боғда 107 тур доривор ўсимлик рўйхатга олинган бўлиб, 63 тасидан табобатда кенг фойдаланилади. Ҳудудда халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган сиверс олмаси, грек ёнғоғи, оддий ўрик, дилбанд лола, таллас парписи, Туркистон лоласи, кеселринг савринжони, шунингдек, сумбул коврак, Федченко наъматаги, Туркистон дўланаси, шувоқ, тоғрайҳон, дуғбўй, афсонак, қора андиз каби доривор ўсимликлар ўсади.
Фауна олами ҳам ўзига хос. Бу ерда халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган катта тақабурун, қизил суғур, ўрмон олмахони, Туркистон силовсини, Северцов қўйи, айиқ, лочин, болтаютар, қора тасқара, бургут, оқ бошли қумой, итоғли, қора лайлак ва қора каптар ҳам учрайди. Миллий боғ ҳудудида 282 тур умуртқасиз, 30 тур сут эмизувчи, 102 тур қуш, 14 тур судралиб юрувчилар яшайди.
Экотуризм ихлосмандларини 1000 ёшли арча, 700 ёшли бобоёнғоқ, Зомин санаторийси, Шербулоқ, супа, Мих қалъаси, шаршара, Чортанги дараси каби тарихий, археологик, географик, экологик сўқмоқлар қизиқтириши табиий.
СЕНИ МАДҲ ЭТАМАН, ВАТАН!
Туман маданият бўлими тасарруфида 4 та – Зомин, Пешоғор, Даштобод, Бешкуби маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 53 нафар ишчи, 38 нафар ижодий ходим фаолият кўрсатмоқда. Марказда халқ оғзаки ижоди, мусиқа, тарих, этнографик мазмундаги 2640 та қимматли адабиётлар сақланмоқда.
Зомин маданият марказига қарашли “Зомин сайқали” фолъклор этнографик халқ жамоаси, “Зомин лоласи” бадиий ҳаваскорлик жамоаси, Даштобод маданият маркази қошида “Жамалак” болалар фолъклор ҳаваскорлик жамоаси, Бешкуби маданият маркази қошида таълим шакли қирғиз тилида олиб бориладиган 44-сонли мактабнинг 14 нафар ўқувчиларидан иборат “Бермет” бадиий ҳаваскорлик жамоаси фаолият юритмоқда. 18 та санъат ва мусиқа йўналишида тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларга 225 нафар ёшлар жалб қилинган.
Маданият марказлари хонандалари, “Зомин сайқали” фолъклор этнографик халқ жамоаси, “Бойчечак” болалар, “Парвоз” ўсмирлар, “Ифтихор” ёшлар ижодий жамоаларининг ҳисобот концерт дастурлари ташкил этилиб турибди. Мазкур дасталар туман, вилоят, республика миқёсида ташкил этилган кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 декабрда ўтказилган ёшлар форумида берган топшириғига асосан Зомин туман маданият бўлимидан 4 нафар ҳодим ҳамда Даштобод шаҳар 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактабидан 1 нафар ходим Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг сиртқи таълим йўналишига ўқишга қабул қилинди. Ушбу талабаларнинг йиллик контракт тўловлари туман ҳокимлиги томонидан тўланиб келинмоқда.
Алишер АБДУҒАНИЕВ
Зомин тумани ҳокими
“Жиззах хақиқати” газетасининг
2022 йил 30 июлдаги 61-сони.