Халқ депутатлари Зомин туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3730-сонли қарорининг ижроси юзасидан “Тоза худуд” ДУК Зомин туман филиали бошлиғи Акбар Эшонқуловнинг ҳисоботи эшитилди.
Мутасадди ўз ҳисоботида, “Тоза худуд” ДУК Зомин туман филиали 24 та қишлоқ ва махалла фуқаролар йиғинларидаги 129 608 нафар аҳолига хизмат кўрсатишини таъкидлар экан, вилоят хокимининг 2020 йил 31 декабрдаги 379-сонли қарорига асосан чиқиндиларни чиқариш учун аҳолига ойлик бир одам учун 3200 сўм, хўжалик субъектларига қўшимча қиймат солиғисиз 1 метр куб учун 42000 сўм, 1 тоннаси учун 948 000 сўм миқдорида хизмат ҳаққи белгиланганлигини билдириб ўтди.
Хозирги кунда “Тоза худуд” ДУК Зомин туман филилалида 72 та иш ўрни мавжуд бўлиб, афсуски, ойлик маошининг камлиги сабабли, чиқинди ортувчи штатларига одам жалб қилишда қийинчиликлар юзага келмоқда. Яна бир муаммоли масала, аҳолининг кўрсатилган хизматларга ўз вақтида пул тўламаслиги бўлиб, бу ҳолат филиал фаолиятининг бошқа жиҳатларига ҳам салбий таъсир қилмоқда.
Шунингдек, жисмоний шахсларга қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун оммавий шартномалар тузилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли қарорининг 16-бандига асосан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шахобчаларидан бир кунда бир маротаба, якка тартибдаги турар жой секторидан “сигнал” усулида – уч кунда бир маротаба маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилмоқда.
24 та қишлоқ ва махалла фуқаролар йиғинларига хизмат кўрсатаётган худудлардан 11 та махсус транспорт техника воситалари кунига аҳоли хонадонларидан ва юридик ташкилотлардан ўртача 60-70 тонна чиқиндиларни туман маиший чиқинди полигонига жойлаштирмоқда.
Йиғилиш давомида мутасаддининг ҳисоботини қониқарли, деб топган депутатлар, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтдилар. Мазкур муаммоларни депутатлик назоратига олиб, партиявий воситалар билан бартараф этиш чора тадбирлари ҳам белгилаб олинди.
Примқул НУРМАТОВ
ЎзЛиДеП Зомин туман Кенгаши аппарат раҳбари