Жорий йилнинг 19 август куни Зомин тумани Ёшлар маркази биносида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси Муродбек Раҳмонбердиев ҳамда Зомин туман ҳокими ўринбосари Сардор Анваров бошчилигида тумандаги маҳалла ёшлари етакчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, ёшлар муоммоларини ҳал этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар Зомин туманида ҳам белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Учрашувда, ёшлар етакчиларининг масъулияти, юқоридан топшириқ кутмасдан, турли йўналишлар бўйича ташаббусларни илгари суришлари, тенгдошлари ёнида туриб, ҳар жабҳада йигит-қизлар муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиши лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ёшлар билан мулоқотда ҳар бир корхона ташкилотда замонавий АКТ тизимларини ривожлантириш, бу соҳага қизиқувчилар билимини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда ёшлар етакчилари жойларда ёшлар гузарлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт тўгараклари очиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларни корхоналарга таклиф қилган ҳолда меҳнат шартномалари тузишга кўмаклашиш йўналишларида таклифлар айтиб ўтилди.
Тадбирда ҳафтанинг бир куни ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш куни, деб белгиланди. Бунда ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир таклифни назоратга олиш, улар билан яқиндан ишлаш борасида тизимли режалар белгилаб олинди.