Аввалроқ, Миллий масс медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 25-28-август кунлари Зомин туманида жойлашган "Зомин" оромгоҳида шахмат бўйича Осиё ва Жаҳон олимпиада турнирлари чемпионлари ҳамда "Заковат" ва "Мунозара" интеллектуал ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар учун "Интеллектуал мактаб" лойиҳаси ўтказилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугун ушбу лойиҳа доирасида Зомин оромгоҳига Заковат клуби магистри Бобур Ёқубов ташриф буюрди.
Учрашув давомида клуб магистранти ва иқтидорли ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида меҳмон Заковат интеллектуал ўйинига кириб келиши ва ўйиннинг кейинги йиллар давомида оммалашиши, саволларнинг жавобларини топишда билимдонлар эътибор бериши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Ёш шахматчилар ва заковатчилар тажрибали билимдондан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.