Жорий йилнинг 26 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Ҳудудимизда “Обод маҳалла” дастури ижросида сусткашлик кузатилмоқда”, – деб номланган мурожаат эълон қилинди.
Мурожаатда Зомин тумани Улуғбек МФЙ жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига тушганлиги, аммо, дастур бўйича ишларда кўзбўямачилик ва сусткашлик кузатилаётгани, “Обод маҳалла” штаби мавжуд эмаслиги, ҳудудда ноқонуний қурилмалар кўплиги, кўп қаватли уйларда истиқомат қилиш учун шароит йўқлиги, маҳалла ҳудудида тозаликка эътибор берилмаслиги каби эътирозлар билдириб ўтилган.
Аввало, Улуғбек МФЙда “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида амалга оширилган ишларга хусусида қисқача маълумот бериб ўтсак.
Дастур доирасида маҳалладаги 360 метр масофасидаги ички йўллар шағаллаштирилди, 2,7 км йўлга асфальт, 1,6 км. йўлга бетон қопламаси ётқизилди. 7 км ичимлик сув тармоғи, 800 метр масофага алоқа ва ахборотлаштириш тизими тармоғи тортилди. Шунингдек, 57 та симёғочлар ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланди.
Энди бевосит мурожаатда келтириб ўтилган ҳолатларга ҳам қисқача тўхталиб ўтамиз.
Хусусан, мурожаатда “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида Штаб фаолияти йўлга қўйилмаганлиги ҳақида айтиб ўтилган. Лекин, “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида Зомин тумани Даштобод шаҳри ҳудудидаги Нурафшон ҳамда Улуғбек маҳаллаларида олиб бориладиган ишларни мониторинг қилиб бориш мақсадида, Даштобод шаҳри Улуғбек МФЙ А.Навоий кўчасидаги Маданият бўлими биносида доимий тарзда ўз иш фаолиятини олиб бормоқда.
Шунингдек, мурожаатда Улуғбек маҳалласида ноқонуний қурилмалар кўплиги ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Айтиш мумкинки, Обод маҳалла давлат дастури доирасида олиб борилган ишлар натижасида маҳалладаги ноқонуний қурилган 10 дан ортиқ нотурар майда ва ўрта даражадаги иншоотлар буздирилди.
Лекин, мурожаатда “ноқонуний қурилмалар кўп”,- деганда маҳалладаги айнан кимга қарашли ва қайси манзилдаги иншоотлар назарда тутилгани айтилмаган.
Бундан ташқари, мурожаатда кўп қаватли уйларда истиқомат қилиш учун шароит йўқлиги, маҳалла ҳудудида тозаликка эътибор берилмаслиги каби эътирозлар билдириб ўтилган. Афсуски, Улуғбек МФЙдаги “Обод маҳалла” давлат дастури лойиҳасида аҳоли истиқомат қилувчи кўп қаватли турар жой биноларини таъмирлаш, уларнинг канализация тармоқларини янгилаш каби масалалар кўзда тутилмаган.
Шундай бўлса-да, мутасадди ташкилотлар томонидан мурожаатда келтирилган маҳалладаги кўп қаватли уй атрофида ободонлаштириш ва чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилган. Бугунги кунда, фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 16-сонли кўп қаватли уйнинг том қисми туман ИИБ бошлиғи, туман 3-сектор раҳбари Ф.Тўйчиев ҳомийлиги асосида таъмирланди.
Шу ўринда, мурожаат ва бизнинг муносабатимизни ўқиб кўрган аҳолимизнинг эътиборини бир маълумотга қаратишни истардим.
Зомин тумани ИИБ бошлиғи, туман 3-сектор раҳбари Ф.Тўйчиев томонидан Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 16-сонли кўп қаватли уйнинг атрофидаги чиқиндиларни тозалаш ишлари олиб борилганда, ушбу ҳудуддан қарийб 80 та махсус транспорт воситасида чиқинди уюмлари олиб чиқиб ташланди.
Зомин тумани ҳокимлиги фуқароларга чиқиндиларни белгиланган ҳудудларга ташлашлаш орқали ўз маҳалласи ободлигига ҳисса қўшиш мумкинлигини, туман ҳудудида олиб борилаётган ишлар юзасидан аноним тарзда тармоқлардан чиқишдан олдин туман ҳокимлиги ёки бошқа мутасадди ташкилотлардан асослантирилган, тўлиқ маълумот олиш мумкинлигини ва энг асосийси, кенг жамоатчиликка нотўғри, нохолис ахборот тарқатиш орқали қонун олдида жавобгар бўлиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати