Бутун дунёда онкологик хасталиклар билан касалланиш кўрсаткичи йил сайин ўсиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга қадар саратон билан оғриганлар сони 23,6 миллионгача етиши тахмин қилинмоқда. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш нақадар долзарб эканини кўрсатади.
Куни кеча Зомин туман тиббиёт бирлашмасида “Сут бези саратонини эрта аниқлаш, профилактикаси ва скрининг дастурлари чора-тадбирлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувда Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази аёллар репродуктив ўсма касалликлари бўлими етакчи мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Лола Алиходжаева, илмий марказнинг Жиззах вилояти директори Лазиз Газиев, туман тиббиёт бирлашмаси онкология назорат бўлими мутахассислари, бўлим шифокорлари иштрок этди.
Давра суҳбати давомида малакали мутахассислар томонидан маҳаллий соҳа вакилларига ушбу касалликни эрта аниқлаш, эрта аниқлаш орқали саратон касаллигининг олдини олиш ва ОПВнинг юқори онкоген турларини фертил ёшдаги аёллар ўртасида тарқалиш фоизини камайьтириш ҳамда касалликнинг иккинчи омили, яъни скрининг аҳамиятлари ҳақида батафсил тушунтиришлар ва тавсиялар бериб ўтилди.