Куни кеча Зомин шаҳри Ёшлар маркази биносида Зомин тумани ҳокимининг Қайирма МФЙ аҳолиси учун сайёр қабули ўтказилди.
Қабулда туман ҳокими ўринбосарлари, туман ташкилот ва идора раҳбарлари иштирок этди.
Қабул аввалида туман ҳокими сўз олиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига кўрсатилаётган ёрдамлар, дафтарларни юритиш тартиби, унга қабул қилиш, ёрдам кўрсатиш шакли, шунингдек, тадбиркорларга яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида гапириб ўтди.
Шундан сўнг, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, субсидия, уй-жой бўйича таклиф ва муаммолари эшитилди.
Жумладан, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Б.Йўляхшиева буйрак етишмовчилиги касаллиги билан оғришини, ҳозирда доимий қабул қилувчи дори-дармонларини олишда қийналаётганлигини билдириб ўтди. Маҳалла раиси томонидан оиланинг ижтимоий ҳолати ҳам қониқарли эмаслиги таъкидланди.
Туман ҳокими томонидан шу жойнинг ўзида Б.Йўляхшиевага ҳомийлик асосида 3 млн. 800 минг сўм пул маблағи берилди.
Бундан ташқари, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Бозоров Муҳаммад отаси оламдан ўтганлигини, ҳозирда акаси ва ўзи олий таълим даргоҳида шартнома асосида таълим олаётганлигини билдириб, шартнома пулини тўлашда амалий ёрдам сўради.
М.Бозоровнинг оилавий ҳолати инобатга олиниб, туман ҳокимининг топшириғи асосида фуқаро “Ёшлар дафтари”га киритилди. М.Бозоровга шу асосда келгуси ҳафтада Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий ўқув юртидаги ўқишининг 50 фоиз шарнома пули тўлаб бериладиган бўлди.
Сайёр қабулда 35 нафар фуқаро иштирок этиб, 15 та мурожаат йўлланди ва 6 та мурожаат қабул давомида қаноатлантирилди. Қолган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб, назоратга олинди.