Жорий йилнинг 15 октябрь куни Зомин тумани Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, таълим шакли қирғиз тилида олиб борилувчи 36-сонли умумтаълим мактабида “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон қирғиз маданият маркази, Жиззах вилояти, Зомин тумани ҳокимликлари томонидан ташкил этилган учрашув “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиора остида ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ўзбек ва қирғиз халқлари маданияти, урф-одати, миллий анъаналарини ўзида жамлаган ҳолда, байрамона руҳда бўлиб ўтди.
Дастлаб байрам тадбирида, мартабали меҳмон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги халқ дипломатияси Маркази директори Комилжон Собиров сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, бир Ватан, бир Юрт осмони остида бирлашган ҳолда, Учинчи ренессанс пойдеворига асос солишда баҳамжиҳат хизмат қилиб келаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, байрам тадбири давомида Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Р.Жабборов, Зомин тумани ҳокими ўринбосари в.в.б. С.Анваров сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари асли илдизи бир халқ эканлиги, азал-азалдан бир дарёдан сув ичганлиги, бир-бири билан қуда-анда, дўст-биродар эканлиги ҳақда айтиб ўтдилар.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари учун 36-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам концерт дастури намойиш этилиб, миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан иқтидорли мактаб ўқувчилари ва тадбир ҳамкорларига эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар берилди.