Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Зомин туманининг бир қатор муассасаларида байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Жумладан, тумандаги Мустақиллик маҳалласида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида “Она тилим - мангу барҳаёт!” шиори остида маънавий-маърифий кеча ташкил этилди.
Байрам тадбирида туман ҳокими ўринбосари С.Анваров, ҳоким маслаҳатчиси М. Файзуллаева, Халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг "Шарқ тонги" газетаси бош муҳаррири Х.Сидиков, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Ғ.Сайдуллаев, туман Халқ таълими бўлими шўъба мудири О.Бердибеков, Маданият бўлими ходими З.Алимов ва маҳаллий ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари С.Анваров кириш сўзи билан очиб, халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан эканлиги, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш борасида янги босқич бошланганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари ва ўқувчилар буюк бобомиз Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишди.
Тадбир якунида байрам муносабати билан ташкил этилган ўқувчилар ўртасидаги иншолар танлови ва оммавий челленж ғолиблари тақдирланди.