Ҳаммаси ўша кундан бошланди. Малика (исм-фамилиялар ўзгартирилган) навбатдаги “дугоналар ўтириши” дан ҳар галгидан ўйчан ҳолатда қайтди ва ўз хонасига кириб, тонг отгунча дугонаси Сайёранинг гапларини эсидан чиқаролмай, ухлолмади. Ўтиришда Сайёра қўлига қадаҳни олиб: “Мени табрикланганлар, мен янги уйли бўлдим”, – деб мақтана кетди. Барча дугоналар бир-бирларига: “Қандай олди экан-а?” деган маънода қараб қўйишди. Шунда у арзон уй-жойлардан бирига эга чиққанини, бунинг учун эса тегишли идораларга мурожаат қилганлигини, улар эса мезонларини тушунтиришганлигини ва шу мезонлар ичида “ажрашган” бўлиши керак деган талаб ҳам борлигини, у эса шартта эри билан ажрашиб қўяқолганини ҳамда уйга эга чиққанини айтди.
Маликанинг икки ўғли ва бир қизалоғи бор. Шу фарзандлар ва оиласи дея тинимсиз меҳнат қилади. Уй-жой қилай, фарзандларини ўқитай дейди. Маликанинг турмуш ўртоғи Бегзод ҳам тинимсиз меҳнатда, Маликани бахтли қилиш ўйида.
Ҳар кунгидан эртароқ турган Малика турмуш ўртоғи Бегзодга тана қила кетди: “Бўлди, ажрашаман. Сиз билан яшамайман, на уй-жойимиз бор, на мол-дунё, ижарама-ижара яшаш жонга тегди, бугуноқ бориб судга ариза бераман ва шартта ажарашаман-қўяман. Эр нима бўлаётганини тушунмасдан қизалоғини қучганча лол қолди. Орадан кунлар ўтиб уйига судга чақирув хати келди...
Суд бошланди, даъвогар Малика Носирова дугонаси Сайёрадан барча ўрганланларини судда айта бошлади ва судья даъвогарнинг тушунтиришларини эшитиб, жавобгар Бегзод Носировга сўз берди. Бегзод Носиров судда деярли лом-лум демади, чунки у ҳали ҳам нима бўлаётганлигини тушунмасди. Аммо судда Бегзод аканинг: “Мен аёлимга бегона кишиларга уни ёмонлаш учун уйланмаганман, оиламни яхши кўраман”, – деган гапи судьянинг эътиборини тортди.
Судья маслаҳат хонага кириб кетди. Бу пайтда Маликанинг ўй-ҳаёлида оила эмас, аксинча ҳали ҳам шинамгина уй-жой турарди. Судья даъвогар Малика Носированинг жавобгар Бегзод Носировга нисбатан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъвоси рад қилинганлиги тўғрисида қарор ўқиди. Малика бу қарорни эшитди-ю, бунга апелляция беришлигини айтиб чиқиб кетди. Суд залида ўтирганларнинг кўпи “судья нотўғри иш қилди-да, йиғлашини қаранг”, – деса, яна кимдир “тўғри қилди”, – дея бир-бирларига пичирлай кетишди.
...Апелляция инстанциясида суд бошланди. Малика эса яна ўша қолипга солинган, дугонаси ўргатган гапларни айтишдан чарчамади. Апелляция суд инстанциясидаги судьялардан бири, Маликага юзланиб: “Бахт нима? Бу бойлик эмас, бу уй жой ёки машина-ю темир-терсак, тилла-ю, мато эмас. Бахт нима? Бу инсонлигимиз, кўзларимиз ёруғ дунёни кўраётганлиги, қўл ва оёқларимизнинг соғлом ва бизга итоат этаётганлиги, митти юрагимизнинг биз учун кеча-ю кундуз тинмасдан ураётганлиги эмасми? Бахт нима? отажонимизнинг борлиги, онажонимизнинг пойи жаннат эканлиги, юртларимиз тинчлиги, халқимизнинг хотиржамлиги, келажакка умидимиз. Бахт бу – оиламиз, уйимизда доим кутиб турадиган фарзандларимизнинг борлиги... Бахт бу – ширин табассумимиз...”, – дея сўзида давом этаётган судьянинг гапларини охиригача тингламасдан Малика йиғлаб юборди ва тиз чўккан ҳолда турмуш ўртоғидан кечирим сўраб, хато қилганини, бутун бахтини мол-дунёга алмаштирмоқчи бўлганлигини таъкидлаганча аризасидан воз кечишлигини айтди. Ҳақиқий бахт оиласи эканлигини энди англаганлигини айтиб судни тезроқ якунлашларини йиғлаб сўради.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекснинг 41-моддасига мувофиқ, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади деб кўрсатилган.
Судда никоҳдан ажралиш масаласида ҳозир бўлаётганларнинг кўпчилигида Маликанинг наздидаги фикрлар билан ҳам келаётганлари ҳам йўқ эмас.
Бу мақсадда, яъни ўз оиласини молу-дунёга алмаштирмоқчи бўлганларга ҳам суд ўз муносабатларини танқидий ҳолатда билдирмасдан ўтмайди.
Азиз ўқувчи, шу ўринда айтмоқчи бўлганим Бахтни оилангиздан ахтаринг, зеро у бор ва унга, албатта, эришасиз.
ШЕҲРОЗ ОМОНОВ,
Жиззах вилоят судининг
фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси