Бугун Зомин тумани Ёшлик МФЙда вилоят ҳокимининг сайёр қабули ўтказилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.И.Муҳаммадиев, вилоят ва туман сектор ҳамда ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
5-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари 14 та гуруҳга бўлинган ҳолда вилоят ҳокими, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан қабул қилинди.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев сайёр қабулда сўзга чиқиб, фуқаролар томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат доимий эътиборда ва назоратда эканлигини таъкидлаб ўтди.
Зомин туманида бўлиб ўтган вилоят ҳокимининг сайёр қабулида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидагилар ер ва кредит, пенсия таъминоти, уй-жой таъмири, моддий ёрдам, коммунал хизмат соҳасига тааллуқли 200 нафардан ортиқ фуқароларнинг масаласи тингланди.
Мурожаатларнинг 39 таси жойида хал этилган бўлса, 163 нафар фуқаронинг муаммо ва таклифлари белгиланган муддатларда ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди.