Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги “Жиззах вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 643-сонли қарорига асосан Зомин тумани Ш.Рашидов маҳалла фуқаролар йиғинида 4 гектар ер майдонида “Ш.Рашидов” кичик саноат зонаси ташкил этилган.
Кичик саноат зонасида 12 нафар ташаббускор тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 24,3 млрд сўм бўлган 14 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 247 та янги иш ўрни яратилади.
Хусусан, бугунги кунда саноат зонасида “Versal Azizbek Lazizbek" хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 1 млрд. 800 млн сўм бўлган қурилиш материаллари (шпаклевка ва гипсокартон) ишлаб чиқариш ва қиймати 3,0 млрд сўм бўлган полипропилен қоп ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилган.
Ушбу лойиҳалар доирасида корхонага саноат зонаси ҳудудидан 0,48 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб, корхона томонидан лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 39 та янги иш ўрини яратилиши режалаштирилган.
Куни кеча ушбу саноат зонасидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни шу жойнинг ўзида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан тегишли мутасадди ташкилот вакилларидан иборат Штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Туман штаби ташкил этилиши муносабати билан Зомин тумани ҳокими биринчи ўринбосари З.Омонқулов ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашди ва штаб фаолияти бўйича тўлиқ маълумот бериб, мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама этилди.