Маълумки, жорий йилдан бошлаб мамлакатимиз маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, аҳволи оғир оилаларга манзилли кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш ва халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зомин туманида ҳам маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Х.Олимжон МФЙ ҳоким ёрдамчиси иш фаолиятини мониторинг қилиш, маҳаллада амалга оширилган ишлар билан юзма-юз танишиш мақсадида Республика Агробанк томонидан Зомин туманига бириктирилган масъул вакил, туман ҳокимлиги Маҳаллабай ишлаш бўлими мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганиш олиб борди.
Ўрганишларда, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан бир неча ой муқаддам бройлер товуқ етиштириш бўйича банк кредити тақдим этилган Ж.Эргашев хонадонига борилди.
Қувонарлиси фуқаро Ж.Эргашев банк кредити ҳисобидан ташкил этган товуқчилик тадбиркорлиги эвазига оила-аъзолари бандлигини таъминлаб, қўшимча даромад орттиришдан ташқари, товуқчиликдан олган фойда маблағи эвазига ўз хонадонидан иссиқхона ҳам бунёд этган.
Шунингдек, масъуллар суҳбат давомида давлат ташкилот ва идоралари томонидан тадбиркорлик фаолияти тўлиқ қўллаб-қувватланиши, қўшимча кўмак зарур бўлган ҳолларда мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Қайд этиш лозимки, янги ташкил этилган ушбу тизим орқали фуқаролар Ж.Эргашев каби тадбиркорлик орқали даромадларини орттириб, аҳоли фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.