Маълумки, 2021 йилдан Президентимиз қарорига биноан, жойларда фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсаддида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ишга туширилган эди. Бугунги кунга келиб лойиҳа доирасида аҳолини қийнаб келаётган айни муаммолар бартараф этиб келинмоқда.
Шу мақсадда, бугун Зомин тумани ҳокимлигида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада ривожлантириш, лойиҳа борасида маҳаллаларда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, ушбу жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув семинари ташкил этилди.
Туман Молия бўлими ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган ўқувда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар ва туман фаоллари иштирок этди.
Семинар давомида Молия бўлими мутахассислари томонидан илгари сурилган таклиф жамоатчиликка очиқ тақдим этиши, лойиҳага омма томонидан овоз берилиши, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилган ҳолда, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши каби жараёнлар батафсил тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, семинарда фаоллар томонидан ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар бўйича фуқароларнинг ташаббускорлигини ошириш, лойиҳанинг аҳамияти ва эътиборли жиҳатларини аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.