Жорий йилнинг 29 октябрь куни Зомин туман 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида мактаблардаги маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш консепсиясини ижросини бажарилиши ҳамда “Беш ташаббус – беш имконият" мавзуида фестивал ташкил этилди.
Туман Халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган тадбирлар дастлаб, умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига қабул қилинган консепсиянинг амалга ошириш механизми тушунтирилиб, кўргазмалар орқали амалий намойиш этилди.
Шундан сўнг, ўқувчиларни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус – беш имконият" фестивалига старт берилди.
Фестивал доирасида иштирокчиларга ўқувчилар томонидан тайёрланган амалий санъат, рассомчилик йўналишларидаги ишлар намойиш этилди. Шунингдек, фестивал давомида бир нечта спорт турлари бўйича беллашувлар, мусиқа йўналишида танлов, “Заковат”, китобхонлик йўналишларида билимдонлар беллашуви бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, 6-сонли умумтаълим мактабининг маҳоратли педагоглари томонидан намунали очиқ дарслар ташкил этилиб, туман мактабларидан ташриф буюрган ўқитувчиларга намойиш этилди.