Жорий йилнинг 30 октябрь куни Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Kompromatuzb” каналида Жиззах вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан “Зомин” санаторийсига туташ кўп қаватли уй-жойлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун Зомин тумани маҳаллий бюджетига 2 600,0 (икки миллиард олти юз) млн. сўм пул маблағи ўтказиб бериши ва пуллар Зомин тумани ҳокими томонидан белгиланган ишларга ажратиладими-йўқми, деган хабар тарқалди.
Келтирилган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6201-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 254-сонли қарори ижроси доирасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан шахсан танишиш ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповнинг Зомин туманига ташрифи бўлиб ўтди.
Ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов Суффа платосида амалга оширилган ишлар билан танишиш асносида, Зомин тумани тоғ ҳудудларига ташриф буюрувчи асосий хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқими “Зомин” санаторийси ва унга туташ ҳудудларга амалга оширилиши, лекин, ушбу ҳудудда жойлашган кўп қаватли аҳоли турар жой мажмуалари атрофида ноқонуний қурилмалар мавжудлиги, иншоотга ёндош ҳудудларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаганлиги, умумий санитар гигиеник шаҳобчалар, пиёдалар йўлакчалари талаб даражасида эмаслиги бўйича вилоят ва туман ҳокимига тегишли кўрсатмаларни бериб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 октябрь куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг VI-38-276-3-0-К/22-сонли қарори тасдиқланган бўлиб, унга кўра, Зомин тумани “Зомин” санаторийсига туташ кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2 600,0 (икки миллиард олти юз) млн. сўм пул маблағи Зомин тумани ҳокимлиги маҳаллий бюджетига ажратилган.
Зомин тумани ҳокимлиги ажратилган пул маблағини Кенгаш қарорида белгиланган мезонларга кўра “Зомин” санаторийсига туташ кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига сарф этилишини таъминлайди ва бу борада бюджетни назорат қилиш бўйича амалдаги тегишли қонун ҳужжатлари талаблари ҳам шубха остидаги бошқа тадбирларни амалга оширишга йўл қўймаслигини эслатиб ўтамиз.
Шу ўринда, Зомин тумани ҳокимлиги ва раҳбарияти қонунийлик ва очиқлик принципларини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, олиб борилаётган ҳар бир тадбир тегишли қонунчилик асосида амалга оширилишини, ажратилган пул маблағи белгиланган тартиб ва меъёрлар асосида сарф этилишини, бу борада кимдадур шубха бўлган тақдирда, туман ҳокимлигига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши мумкинлигини маълум қилади.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати