2022 йил 8 ноябрь куни Yotubе ижтимоий тармоғида Улуғбек Ашур муаллифлигидаги Негатив дастурида “Президент: "Одамларни рози қилиб кўчирдингми?". Зомин ҳокими “Йўқ” дея олмади..” номи остида материал эълон қилинди.
Дастурда, Зомин тумани Қўрғон маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг бузилган турар жой бинолари учун амалга оширилган компенсация тўловларидан норози эканлиги, ушбу ҳолатга туман ҳокимлиги ва шахсан туман ҳокими сабабчи эканлиги, иддо қилинган.
Зомин тумани ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Аввало, видео материал номида “Президент: "Одамларни рози қилиб кўчирдингми?". Зомин ҳокими “Йўқ” дея олмади”, – деган сўзларга эътибор қаратишингизни сўраймиз.
Абдуғаниев Алишер Муҳаммадиевич – Зомин тумани ҳокими лавозимига 2017 йил 21 декабрь куни тайинланган. Ўтган вақт мобайнида туман ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миромонович билан шахсан, юзма-юз учрашишга муваффақ бўлмаган. У.Ашур томонидан эса, Давлат раҳбари Зомин тумани ҳокимидан “уйи бузилган фуқаролар рози қилиндими, деб сўраган”, – дея айтиб ўтган.
Биргина дастур номидан ҳам кўриниб турибдики, муаллиф ёритилаётган ҳолатни нохолис баҳолаш орқали, ахборотни ўз манфаати йўлида талқин этиб, омма фикрини чалғитмоқда.
Энди 2018 йилда Қўрғон маҳалласидаги хонадонлар бузилиши масаласига тўхталсак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги 01-02/1-948-сонли йиғилиш баёнига асосан Зомин тумани Қўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фуқароларга тегишли бўлган 68 та турар жой ҳамда 121 та нотурар жой (жами 11,3 гектар майдон) бузилишга тушган бўлиб, кейинчалик ушбу ҳудуддан “Зомин деҳқон бозори”, “Корзинка” савдо мажмуи, ҳар бири 5 қаватли 11 та аҳоли турар-жойи бинолари қурилган.
2018 йил фуқароларнинг бузилишга тушган турар-жой ва нотурар-жой иншоотлари “Барака бизнес баҳо” МЧЖ томонидан хонадон эгаларининг розилик хатига асосан (туман ҳокимлигида фуқароларнинг розилик хатлари мавжуд) жами 10 млрд. 713 млн. 481 минг сўмга (уй-жой ва ижара нархи билан бирга) баҳоланган ва фуқароларга тўлиқ тўлаб берилган.
Зомин тумани ҳокимининг 2019 йил 30 ноябрдаги 5220-сонли қарорига асосан 68 та бузилган уйларда яшовчи 82 та оиланинг ҳар бирига 0,04 га.дан, жами 11,3 гектар ер майдони якка тартибда уй-жой қуришлари учун товон сифатида Зомин тумани Ғаллакор ҚФЙ Сиргали қишлоғи ҳудудидан ажратиб берилган.
Бундан ташқари, уй-жойи бузилишга тушган фуқароларнинг баҳолаш нархларидан норози бўлиб 2018 йил 5 июнь куни қилган мурожаати ҳамда қурилиш материаллари нархларидаги тафовутлар юзага келганлиги инобатга олинган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 01-05/1-1247-сонли Йиғилиш баёнига кўра Республика бюджетидан қўшимча 852 млн. сўм маблағ ажратилиб, мулк эгаларига берилган (қўшимча товон пули олган 64 нафар фуқароларнинг эътирози йўқлиги юзасидан розилик аризалари туман ҳокимлигида мавжуд).
Шунингдек, 64 нафар фуқаролардан 9 нафари бузилган уй-жойини қайта баҳолатиб, суд қарори ва экспертиза хулосаси асосида яна қўшимча компенсация пулларини олган.
Жумладан, фуқаро А.Турдиевга жами 237 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 180 млн) шундан, 14 млн. қўшимча компенсация, 27 млн суд қарорига асосан ва 17 млн ижара ҳақи учун, С.Тўйчиевга жами 369,7 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 186,9 млн), С.Азимовага жами 377 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 207,4 млн), Н.Тошматовга жами 179 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 116,4 млн), Б.Пардаевга жами 387,2 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 204,1 млн), Ф.Асатовга жами 252 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 182,4 млн), С.Жўраевага жами 213 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 130,2 млн), Г.Мамадиёровага жами 342 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 170,3 млн), О.Азимовга жами 236,9 млн (дастлаб тўланган компенсация миқдори 187 млн) сўм миқдорида компенсация пуллари тўлаб берилган.
Шу ўринда, Қўрғон МФЙ истиқомат қилган фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган баҳолаш жараёнига тўхталиб ўтсак.
Ўша пайтда, яъни, 2018 йил давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши бўйича тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра амалга оширилган.
Ушбу низомнинг 11-бандига мувофиқ “фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилади”, деб белгиланган.
Бугунги кунда амалда бўлган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 911-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-боб 41-бандига мувофиқ олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати ва олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб берилиши белгиланган.
Шу нуқтаий назардан, Зомин тумани Қўрғон МФЙ ҳудудида 2018 йилда бузилган уйларнинг компенсация миқдорини ҳисоблашда ўша вақтда амалда бўлган 97-сонли қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, олиб қўйилган ер участкасининг бозор қиймати ҳисобланмаган. Бунинг ўринга, юқорида айтиб ўтганимиздек, 97-сонли қарор талабларига мувофиқ якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилган.
Бундан ташқари, муаллиф ва мурожаатчилар томонидан гўёки, туман ҳокими “Бузилаётган хонадонлар фақатгина “Барака бизнес баҳо” МЧЖ томонидан баҳоланади, қолган баҳоловчиларнинг хулосаси ўтмайди”, – деган иддолари ҳам ҳақиқатга мос келмайди. Чунки, ҳеч бир қаршиликсиз турар жойлари бузилган мулк эгаларининг 9 нафари ўз вақтида уй-жойини қайта баҳолатиб, суд қарори ва экспертиза хулосаси асосида қўшимча компенсация пулларини олганлиги ҳақида юқорида айтиб ўтдик.
Шу ўринда, 2018 йил Зомин тумани Қўрғон МФЙда бузилган уй-жойларнинг баҳоланишида тегишли мустақил баҳолаш ташкилоти тайинланиши, баҳолаш нархларининг белгиланишида туман ҳокимлиги масъуллари ва шахсан туман ҳокимининг манфаатдорлиги мавжуд бўлмаган. Барча ишлар ўша пайтда амалда бўлган тартиб-таомилларга кўра амалга оширилганлигини маълум қиламиз.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати