Хабарингиз бор, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан шу йилнинг 14-19 ноябрь кунлари Жиззах вилояти бўйлаб "Маънавият фестивали" бўлиб ўтмоқда. Кеча Фестивал доирасида бир қатор адабиёт, санъат, фан ва таълим намояндалари, таниқли санъаткор ва ижодкорлар туманимизга ташриф буюришган эди.
"Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида бўлиб ўтаётган маънаяит, маърифат, маданият байрами тандирлари доирасидаги учрашувлар бугун ҳам давом эттирилди.
Дастлаб, азим пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонлар туман марказидаги ""Келажак касблари маркази да бўлиб, бу ерда ёшлар учун яратилган имкониятлар, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадидаги ишлар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, Ўзбекистон Халқ артисти, кўплаб бетакрор образлари билан театр мухлисларининг қалбидан жой олган севимли актриса Дилором Каримованинг бу имкониятлар, шарт-шароитларни ҳавас билан эътироф этганлиги меҳмонларнинг марказ фаолиятига юқори баҳо берганлари қувонарли ҳол бўлди, албатта.
Марказда турли тўгаракларнинг фаол аъзолари, тўгарак раҳбарлари ва туман фаоллари билан бўлиб ўтган учрашув интерфаол услубда, савол-жавобларга, гўзал чиқишлар, куй-қўшиқларга бой тарзда ўтди. Жонли ижродаги чиқишлари билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Гулбаҳор Эрқулова, Салоҳиддин Азизбоевлар йиғилганлар дилини хушнуд этишди.
Шундан сўнг фестивал иштирокчилари Даштобод шаҳрига йўл олдилар. Миллий гвардиянинг Жиззах минтақавий ўқув маркази биносидаги фаоллар залида ташкил этилган учрашув ҳам барча йиғилганларга олам-олам таасуротлар улашди. Театр ва кино актёрлари, режиссёр ва хонандаларнинг ҳар бир чиқиши қизғин олқишлар билан кутиб олинди.
Шундай қилиб, фестивалнинг бугунги кун учун мўлжалланган тадбирлари ниҳоясига етди. Эртага навбатдаги учрашувлар, давра суҳбатлари ва қизғин мулоқотлар янги манзилларда, янгидан янги томошабинлар ҳузурида давом эттирилади. Дарвоқе, бугун кундуз соат 12-00 да Жиззах шаҳрининг марказидаги Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирган фестивал иштирокчилари вилоятимизнинг барча туманларига йўл олаётган ""Китоблар карвонига оқ йўл тиладилар. 12 та "Дамас" автоуловлари тўла китоблар ўз манзиллари томон йўл олди. Мазкур китоблар карвони ҳар бир маҳаллага кириб бориб, китобсеварлар учун энг янги ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини тортиқ этишга мўлжалланган.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати