Зомин тумани прокуратурасида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Зомин тумани прокурори Х.Абдуллаев ва прокуратуранинг масъул ходимлари томонидан 50 туп арча, 10 туп каштан, 10 туп пальма, 20 туп дуб, 10 туп катальпа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
– Президентимизнинг эзгу ташаббуслари билан жорий йилнинг 20 октябридан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида долзарб 40 кунлик тадбири эълон қилиниб, мевали ва манзарали кўчатлар экиш ишлари давом этмоқда, – дейди туман прокурори Х.Абдуллаев.
– Бугун Зоминда тумани прокуратурасида мана шу хайрли тадбирни амалга оширдик. Бундан кўзланган асосий мақсад атроф муҳитни кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини кўпайтириш орқали юртимизда экологик барқарорликка ҳисса қўшиш ҳамда прокуратура органларига ташриф буюрган фуқароларда яхши кайфият ва таассуротни шакллантиришдан иборатдир.
Албатта экологик барқарорликни таъминлашда “Яшил макон” лойиҳасининг ўрни катта. Ҳар бир инсон эзгу ният билан дарахт экса, унинг фойдаси келажакда албатта билинади.
Туман прокуратураси томонидан ушбу лойиҳа доирасида дарахт кўчатларини экиш тадбирлари давом эттирилмоқда.