Ижтимоий тармоқда Жиззах вилоятининг Зомин туманида ички ишлар органлари ходимлари тадбиркор фаолиятига аралашаётганлиги иддао қилинган видеотасвирлар ҳамда соҳа вакиллари тадбиркорнинг ускуна ва маҳсулотларини олиб кетганлиги тўғрисидаги ёзма мурожаат тарқалди.
Аммо мурожаатда баён этилгандек ички ишлар органлари ходимлари қонунни бузмаганлар. Яъни 2022 йилнинг 4 октябрида соҳа ходимлари Зомин тумани Даштобод шаҳри Беруний маҳалласида жойлашган, фуқаро Бобур Мадаминов раҳбарлик қилаётган “Даштобод-омухта” оилавий корхонасини холислар иштирокида кўздан кечирганлар. Мазкур жараёнда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги гигиеник нормативлари талабларига жавоб бермайдиган пахта мойи ишлаб чиқарилаётгани аниқланди.
Шу боис корхона омборхонасидан 2 минг 526 килограмм техник чигит, 226 килограмм заҳарли моддалар билан ишлов берилган уруғлик чигит, 42,5 килограмм чигитли пахта, 1 тонна 590 литр пахта чигитидан олинган мой, пахта чигитидан олинган 1 тонна 426 килограмм кунжара, жувоз ускунаси ҳамда заҳарли моддалар билан ишлов берилган уруғлик чигитдан бўшаган 42 дона қоп ҳужжатлаштириб олинган.
Ўз навбатида Зомин тумани санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мазкур ускунада ишлаб чиқарилган мойнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги гигиеник нормативлари талабларига жавоб бермаслигини, яъни инсон саломатлигига зарар етказишига оид хулоса тақдим этган. Шунингдек, “Ўзагроинспекция”нинг Зомин тумани бўлими “Даштобод-омухта” оилавий корхонаси техник чигитни биржа орқали харид қилмаганлиги, қолаверса қайта ишлаш учун мувофиқлик сертификатига эга эмаслигини қайд этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 1862- моддаси 2- қисми “б”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ
АХБОРОТ ХИЗМАТИ