Бугун Зомин тумани ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан катта тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир мамлакатимиз мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг туман ҳокими Алишер Абдуғаниев сўз олиб, барча йиғилганларни сана муносабати билан табриклади. -Бугунги кун муносабати билан Сизларни, Сиз орқали барча юртдошларимизни самимий муборакбод этар эканман, юртимиздаги тинчлик-осудалик, оилаларимиздаги фаровонлик ва осойишталик абадий бўлишини тилаб қоламан! Юртимиз тинч, юртбошимиз омон бўлсинлар, - дея якунлади туман ҳокими ўз табригини. Шундан сўнг Жиноий ишлар бўйича Зомин туманлараро суди раиси Ш. Шамшиев сўзга чиқиб, Конституциямизнинг яралиш тарихи, ундан ўрин олган муҳим моддалар, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилган нуқталари борасида сўзлаб ўтди.
Шундан сўнг, турли соҳалардаги фаоллиги, халқ хўжалигини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлидаги фидокорлиги учун 87 нафар юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 ноябрдаги Фармонига биноан таъсис этилган "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишонинининг тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантаналар вилоятимиз марказидан ташриф буюрган эл ардоғидаги хонандалар, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари билан давом эттирилди. Байрам дилрабо куй-қўшиқларга, рақсларга уланди. Кўтаринкилик, шукроналик руҳида бўлиб ўтган байрам тадбири турли жамоат ташкилотларида, маҳалла-гузарларда давом этади.
Зомин тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати